Ортига АҚШни олган Украина. Лафзида турмаган Россия. Даҳанаки жанг ортида нима бор?
Таҳлил
−
08 Декабрь 2021
42349Сўнгги вақтларда Россия Украина ўртасидаги муносабатлар яна кескинлашди. Бу икки давлат атрофидаги янгиликлар дунё афкор ахборот оммасининг эътиборини ўзига қаратди. Яқинда Германиянинг “Bild” газетаси гўё Россия Украинага ҳужум қилиш учун иккита сценарий тайёрлаб қўйгани ҳақида хабар тарқатиб юборди. АҚШ разведкаси ҳам Россия ўзининг Ғарбий чегара ҳудудида 175 минг аскар тўплаётганини маълум қилди. Кремль эса бунга жавобан, ўз қуролли кучларини ҳудудида ва ўз хоҳишига кўра жамлаётганини, бу ҳаракатлар ҳеч кимга таҳдид солмаслигини айтиб келмоқда. Хўш, нима учун бу икки славян давлатининг муносабатлари бу қадар чигаллашиб кетди. Томонлар нимани хоҳламоқда?
Бугунги мақоламизда Россия Украина ўртасидаги келишмовчиликнинг бошланғич нуқтасидан тортиб то ривожланиш тарихи ва ҳозирги ҳолати бўйича батафсил маълумот берамиз.
СССРнинг интиҳоси – Украинанинг мустақиллиги
80-йилларнинг охири, 90-йилларнинг бошига келганда, Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиши аниқ бўлди. СССР раҳбари Михаил Гарбачёв олиб борган “қайта қуриш” сиёсатининг илк йилларидаёқ мамлакат ичида миллатлараро муносабатлар кескинлашди. Шундай бир чигал вазиятда, аниқроғи 1991 йил 24 август куни аҳоли сони ва саноат жиҳатидан Совет Иттифоқида иккинчи ўринда турган Украина ўз мустақиллигини эълон қилди. Фақат унинг мустақиллиги СССР парчаланганидан сўнг тан олинди. 1991 йил 8 декабрь куни Россия, Украина ва Беларусь раҳбарлари ўртасида Совет Иттифоқи тугатилганлиги тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.
Қрим муаммоси
Украина мустақилликни қўлга киритгач, баъзи муаммоларга дуч келди. Хусусан, Украина географик жиҳатдан икки цивилизация кесишган нуқта (Украинанинг Ғарби католик цивилизацияси, Шарқи эса православ цивилизацияси ости)да жойлашган эди. Мана шу омил юзасидан Шарқий минтақа аҳолиси рус тилига давлат тили мақомини беришни сўради. Ҳатто, Россияга қўшилишни сўраганлар ҳам бўлди.
1991 йил 4 сентябрь куни СССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси Қримнинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияни қабул қилди. 1992 йилнинг май ойида Крим Олий кенгаши Қрим Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Украина ҳукумати Кримнинг махсус мавқеини тан олишга мажбур бўлди. Шу вақтда Қрим сепаратистлари Россиядан маълум миқдорда сиёсий ёрдам олди. Бу вақтда Россия Федерацияси СССР Олий кенгашининг Қрим вилоятини Украина ССР таркибига ўтказиш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб эълон қилди. Россиянинг бу ишлари Ғарб дунёсини ғазаблантирди.
Россиянинг Крим масаласида олиб борган сиёсати бир томондан тўғри эди. Сабаби Севастополь шаҳрида СССРнинг йирик ҳарбий денгиз базаси жойлашган бўлиб, Россия уни Украинага шунчаки топшира олмасди. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг, Россия Кримни Украинанинг бир қисми сифатида тан олди. 1995 йилда Крим давлатчилиги барҳам топди ва вилоят Украина ҳукуматига бўйсундирилди.
Ядро муаммоси
1991 йилда СССР парчалангач, унинг ядро қуролларидан маълум бир қисми Қозоғистон, Украина, Беларусь ҳудудида қолган эди. 1992 йилда МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) Собиқ Иттифоқнинг баллистик ва стратегик қуролларини Россияга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, Беларусь ва Қозоғистон СССРнинг меросхўри ҳисобланган Россияга ядровий каллакларни ҳеч бир гап-сўзсиз топширди. Украина эса бу масалада бироз иккиланди. Бунга сабаб Россиянинг Кримга даъво қилиб тургани бўлди.
Маълумотларга кўра, ўша вақтда Украинада 1240 та ядровий каллак, 133 та “РС-18” русумли стратегик ракета, 46 та “РС-22” русумли тактик ракета, 564 та бомбардимончи самолёт ва 3000 га яқин тактик ядро қуроллари мавжуд бўлган.
1994 йилда Украина ва Россия ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра, Россия Украина ҳудудига ҳеч қачон даъво қилмайдиган бўлди. Бунинг эвазига Украина ўзидаги баллистик ва стратегик ядро ракеталарини Россияга берди. 1997 йилда икки давлат Президентлари Борис Ельцин ва Леонид Кучма ўртасида “Дўстлик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисида” шартнома имзоланди. Ҳужжатга кўра, Москва Крим ва Севастополни Украинага тегишли ҳудуд эканини тан олди. Бироқ 2014 йилда Россия бу шартномани бузиб, Кримни ўзига қўшиб олди.
Зарғалдоқ инқилоби
Украинанинг географик жойлашуви уни Ғарб мамлакатлари билан яқинлашишга ундади. 2004 йилда Украинада бўлиб ўтган Президент сайловида Виктор Янукович ғалаба қозонди. Бироқ мухолифат етакчиси Виктор Юшенко сайлов натижаларини тан олмади. Оқибатда Юшенко тарафдорлари мамлакатда норозилик намойишларини бошлаб юборди. Ғарб давлатларининг фаол қўллаб туриши натижасида Виктор Юшенко Украинанинг навбатдаги Президенти бўлди. Шундай қилиб, Украинада Ғарб позицияси мустаҳкамланди. Айнан шу вақтдан кейин Россия Украина муносабатлари совуқлашди, десак хато бўлмайди.
2012 йилги можаролар
2010 йилда ўтган Украина Президенти сайловида яна Виктор Янукович ғалаба қозонди. Бу гал Янукович Москва билан яқинлашиш сиёсатини олиб борди. Бу эса ўз навбатида мухолифатга ёқмади. 2014 йил Украина Олий Радаси Виктор Януковични Президентликдан четлаштирди. У ўзининг ҳаётидан хавфсираб, Россияга жўнаб кетди. Янукович Россиядан туриб, Украинадаги барча сиёсий жараёнлар ноқонуний эканини айтди. Шу тариқа мамлакатда Россияни қўллаб-қувватловчи сиёсий куч маҳв этилди.
Украинадаги сиёсий зиддиятдан фойдаланган Россия янги тузилган ҳукуматни ноқонуний деб топди. 2014 йил 16 март куни Кримда Россияга қўшилиш тўғрисида референдум бўлиб ўтди. Референдум натижасига кўра, овоз берувчиларнинг 95,5 %и Россия таркибига қўшилишни ёқлади. АҚШ ва Европа Иттифоқи референдумни ноқонуний деб ҳисоблаб, Россияга иқтисодий санкция эълон қилди. Москва Крим аҳолисига ўз фуқаролик паспортини берди. Фуқароларни ҳимоя қилиш учун Россия стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган Крим ва Донбассга қўшин киритиб, уни мамлакат таркибига қўшиб олди.
2014 йил Украинадаги сайловда Пётр Порошенко ғалаба қозонди. Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш учун жадал ҳаракатлар бошлади. Бироқ Украина қанча ҳаракат қилмасин на альянсга, на Евро Иттифоққа аъзо бўлди. Чунки, НАТО сафига қўшилиш учун номзод давлатнинг нафақат қўшнилари, балки мамлакат ичида ҳам ҳудудий можаролари бўлмаслиги керак эди. Пётр Порошенко Ғарб давлатлари билан яқинлашиш йўлидан бориб, Москвага нафрат кўзи билан қаради. Ҳатто, Президентлик муддатининг сўнгги йилида Порошенко Россия билан уруш қилиш учун қўшинни жанговар ҳолатга келтирди.
Бугунги ҳолат
2019 йилда Виладимир Зеленский Украина Президенти бўлгач, Россия билан муносабатлар бироз юмшади. Бироқ кўп ўтмасдан зиддият иплари яна таранглашди. Ҳар икки томон ҳам ўртадаги келишувни бузди.
2021 йилнинг бошида Украина Бош штаб бошлиғи Руслан Хомчак Крим ва Донбассда Россия армиясининг 28 та батальони мавжудлиги, яқин орада Москва Кримга қўшимча равишда 25 та батальон жўнатганини, бу ўз навбатида Украина хавфсизлиги учун таҳдид экани ҳақида баёнот берди. Бундан ташқари, ғарб матбуоти ҳам тинимсиз равишда бу масалани ёритиб борди. Украина ҳали НАТО ва Европа Иттифоқига расмий равишда аъзо бўлмаса-да, АҚШ ҳамда Европа мамлакатларининг баъзилари Украинани ҳар томонлама қўлламоқда.
Жорий йилнинг 4 декабрь куни АҚШ разведкаси Россия келаси йилнинг бошида катта эҳтимол билан Украинага 175 минг аскар билан ҳужум уюштириши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Сунъий йўлдошдан олинган маълумотларга кўра, Россия армияси Украина атрофигадаги тўртта позицияга жойлашган. Бундан ташқари, Германиянинг “Bild” нашри Россия Украинага ҳужум қилиш учун сценарийлар тайёрлаб қўйгани ҳақида маълумотлар тарқатди.
Биринчи сценарийга кўра, Россия бир вақтда бир нечта позициядан Украинага ҳужум бошлайди. Иккинчи сценарий босқичма-босқич ҳужумни ўз ичига олган. “Bild” бу ҳужум катта эҳтимол билан 2022 йил бошида амалга оширилишига ишонч билдирган.
Москва бунга жавобан Россия ўз қуролли кучларини ўз ҳудудида ва ўз хоҳишига кўра кўчираётганини, унинг ҳаракатлари ҳеч кимга таҳдид солмаслигини ва ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини айтиб келмоқда. Москванинг таъкидлашича, “Россиянинг тажовузкорлиги” ҳақидаги хабарлардан чегара ҳудудларида НАТО кучларини тўплаш учун баҳона сифатида фойдаланилмоқда.
Беларусь Президенти Александр Лукашенко агар, Россия Украина ўртасида уруш бошланса, Беларусь Россия томонидан урушга киришини маълум қилди.
5 декабрь куни, Стокгольмдаги (Швеция) учрашувда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида айнан Украина масаласини муҳокама қилиш чоғида кескин можаро келиб чиққан. Бундан кўринадики, Украина масаласида икки гегемон давлат келиша олмаган. АҚШ ав Россия нимани кўзлаётгани мавҳум бўлиб қолди.
Томонлар нимани истамоқда?
Украина бир неча йилдан буён НАТОга аъзо бўлиш тараддудида. АҚШ ҳам Украина ҳудудига альянс кучларини олиб кирмоқчи. Бу ўз-ўзидан Беларусь ва унинг суянчиғи бўлган Россияга бош оғриғи.
Сиёсатшунос олим Камолиддин Раббимов Россия Украина масаласи бўйича қуйидагича фикр билдирди:
“Поссовет ҳудудида геосиёсий мустақилликка интилган давлатлардан бири – бу Ўзбекистон. Россия Украина атрофидаги бўлаётган воқеаларни кузатишимиз ва ундан хулоса чиқаришимиз керак. Украинада НАТОга аъзо бўлиш миллий ғояга айланган. Ҳар қандай украиналикни уйғотиб, нимани истайсан десангиз, тезроқ НАТО ва Европа Иттифоқига киришни ҳамда барча қатори эркин, фаровон одамдек яшашни истайман, деб жавоб беради. Яъни Украина жамияти учун ғарбга йўналиш олиш умуммиллий ғояга айланган. Бу ғоя кечагина пайдо бўлиб қолган эмас. Бироз эҳтиёткор бўлган Франция, Германия ҳам Украинанинг альянсга қўшилишига қарши эмас. Бугунги кунда Европа Иттифоқи ва Украина ўртасида виза чекловлари йўқ. Украина фуқаролари Европага бемалол кириб, чиқа олади. АҚШ Украинани НАТОга қўшилиш учун даъват қилган. Яъни Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини энг биринчи навбатда АҚШ истамоқда. Россия эса НАТО кучларини Украинага киришига қарши”.
2014 йилда Россия Кримни аннексия қилгач, АҚШ ва Европа мамлакатлари унга қарши иқтисодий чекловлар жорий қилди. Агар яна шундай чекловлар жорий этилса, Россия иқтисодиёти анчагина зарар кўриши мумкин. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Шундоқ ҳам Россия айрим давлатларга босим ўтказиб, уларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшишга ҳаракат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Россия Украинанинг Ғарб билан яқинлашишига қарши. Украина нима бўлса ҳам тезроқ НАТО ва Европа Иттифоқига кирмоқчи. Лекин икки ўртада тинч аҳоли жабр кўрмоқда. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь