Орол денгизи сатҳи қарийб ярим метрга кўтарилди
Жамият
−
06 Март 2023
27470Орол денгизи сатҳи қарийб ярим метргача кўтарилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Орол-Сирдарё ҳавза инспекцияси бошлиғи Зейнулла Казтогановнинг маълум қилишича, бугунги кунга қадар Шимолий Орол денгизида тўпланган сув ҳажми 27 миллиард куб метрдан 18,5 миллиард куб метргача, сув сатҳи эса 40,42 мБ.Б.гача пасайган эди.
Бироқ 2022 йилнинг октябридан ҳозирги кунга қадар денгиз сатҳи 40,90 мБС ёки 48 сантиметргача кўтарилган. Тўпланган сув ҳажми эса 19,7 миллиард куб метрни ташкил қилган. Ўтган йили Орол денгизига 816 миллион куб метр сув келиб тушган. Хусусан, биргина 2023 йилнинг дастлабки икки ойида 803 миллион кубометр қуйилди.
Маълумот учун, Орол денгизи Ўрта Осиёда жойлашган ёпиқ сув ҳавзасидир. Шимолдан Қозоғистон, жанубдан Ўзбекистон, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ерлари билан ўралган.
1960 йилларгача унинг майдони 68 000 км кв га тенг бўлиб, дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўриндаги кўл бўлган. Бироқ собиқ Совет Иттифоқи даврида уни таъминловчи Амударё ва Сирдарё сувларининг кўп миқдорда ирригацияга сарфланиши унинг ҳажмини кескин камайтира бошлаган. 2007 йилга келиб, Орол денгизи майдони 50 йил аввалгига нисбатан 90 % қисмини йўқотиб, учта алоҳида кўлга айланди. Денгизнинг қуриган қатламидаги шўрлик ошиши оқибатида эса Орол денгизи ҳамда атрофидаги наботот ва ҳайвонот олами қирилишига сабаб бўлди. Маҳаллий иқлим ўзгарди – ёз иссиқроқ, қиш эса қуруқ ва совуқроқ бўла бошлади.
2010 йил маълумотларига кўра, Орол денгизи майдони 13 900 км кв ни ташкил қилмоқда.
1996 йил январида Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида Орол денгизи экологик ҳолатини яхшилашга доир шартнома имзоланган.
LiveБарчаси