Оренбургда Урал дарёсининг яна кўтарилиши кутилмоқда
Олам
−
11 Апрель
6927Россиянинг ҳалокатли тошқиндан жабр кўрган Оренбург вилоятида Урал дарёсидаги сув сатҳи кўтарилишда давом этмоқда, яқин 24 соат ичида минтақадаги яна 3,5 мингга яқин турар-жой бинолари сув остида қолиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Яқин 24 соат ичида Урал дарёсида сув сатҳининг янада ошиши ва 7 та муниципалитетнинг 25 та аҳоли пунктида 3580 та турар-жой бинолари, 3950 та томорқа ерларини сув босиши прогноз қилинмоқда”, дейилади хабарда.
Вилоятнинг Оренбург округи маъмуриятининг билдиришича, кечагина Уралда сув 32 сантиметрга кўтарилган.
“11 апрель куни соат 6:00 да Урал дарёсида сув сатҳи кўтарилган. 1054 см, хавфли кўрсаткич 124 сантиметрга ошиб кетди”, дейилади хабарда.
Расмийлар аҳолини сув босган ҳудудни эвакуация қилишга чақирди. Сўнгги маълумотларга кўра, Оренбург вилоятида 12 мингга яқин уй сув остида қолган.
“11 апрель куни соат 8:00 ҳолатига кўра, 78 аҳоли пункти ва 23 муниципалитет ҳудудида 11 972 та турар-жой бинолари ва 14 991 та хўжалик участкалари сув остида қолди”, дейилади вилоят ёнғин хавфсизлиги ва фуқаро муҳофазаси бошқармаси хабарида.
Умуман олганда, вилоят дарёларида сув сатҳининг бир суткада 98 сантиметргача пасайиши кузатилмоқда, фақат айрим дарёларда суткада сув сатҳи 23 сантиметргача кўтарилган. Максимал кунлик кўтарилиш Урал дарёсида (+81 см) қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, 4 апрелдан Оренбург вилоятида сув тошқини билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли минтақавий фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. 7 апрель куни ҳукумат комиссияси Оренбург вилоятидаги сув тошқинини федерал фавқулодда ҳолат деб таснифлашга қарор қилди. Тошқиндан кўрилган умумий зарар, минтақавий ҳокимиятларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 21 миллиард рублни ташкил қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Челябинск вилоятида сув босган ҳудудлар сони кунига 37 тага, яъни деярли чоракга камайган.
“24 соат давомида 11 та ҳовлининг ҳудудини сув бутунлай тарк этган. Қизил қишлоғида 7 та томорқа, Париж қишлоғида 18 та томорқа, Бажова қишлоғида 12 та томорқа ерлари сув остида қолмоқда”, дейилади вилоят жамоат хавфсизлиги идораси хабарида.
LiveБарчаси