“Орёл и Решка” даги “No photo, no video” можароси. ИИВ изоҳи қандай?
Жамият
−
12 Декабрь 2019
11817“Орёл и Решка” кўрсатуви вакиллари метрога квадрокоптер билан кирмоқчи бўлишган. Бу ҳақда Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи Олег Биченов ИИВ тадбирида эслаб ўтди.
“Метрополитендаги видеосёмкалар масаласида кўплаб муҳокамалар ва коллизиялар бўлди. “No photo, no video” воқеасини яхши эсласангиз керак. Улар метрополитенга квадрокоптерлар билан ҳақиқий ишчан кайфиятда кириб келишган. Бизнинг ходимлар яхши муомала билан “Техникангизни ўчиринг. Бу бизнинг ёпиқ ҳудудимиз учун хавфсиз эмас. Одамлар юришибди. Марҳамат, кейин съёмкангизни давом эттираверасиз” деб айтишган. Улар хафа бўлишган ва орқасига ўгирилиб кетиб қолишган”, – дея ҳолатга изоҳ берди Олег Биченов.
Шунингдек, масъул шахс метрополитенда видеосъёмкалар тартиби, чекловлар мавжуд эмаслигига урғу берди.
“Ҳаммасини тўғри тушуниш керак. Съёмка қилишдан чеклов йўқ. Фақат махсус аппаратлар билан актёрлар гуруҳи, реклама лавҳалари, клиплар олинаётганда албатта метрополитен раҳбариятига мурожаат қилиш керак. Бу одамларга ноқулайлик келтириб чиқариш мумкин. Улар ёруғ чироқларни ёқтирмаслиги мумкин. Йиқилиб тушиши мумкин. У жой киномайдони эмас. Бу ҳаракатланувчи транспорт инфратузилмасининг жойидир. Умуман олганда метрополитенда ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас”, – дея қўшимча қилди ИИВ вакили.
Тадбир давомида ИИВ мансабдор шахслари томонидан бир неча масалаларда маълумотлар тақдим этилди. Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари 140 та темир йўл ва ҳаво транспорт инфратузилмаси объектларида жойлашган 115 та пост ва 169 та йўналишда фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари метрополитен объектларидаги 238 та постда хизмат олиб борилаётгани айтилди.
Метрополитен йўллари узунлиги 36,2 километрни ташкил этиб, бу масофада жойлашган 29 та бекатларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари шу бўлинма ходимлари зиммасига юклатилган.
Метрополитенда йўловчилар айланмасининг сони бир кунда таҳминан 182.000 тани ташкил этади, жорий йилнинг ўтган даври давомида метрополитенда 60 млн. ортиқ йўловчилар ташилган.
LiveБарчаси