Орасидан ола мушук ўтган Путин ва Алиев Тожикистонда учрашади
Олам
−
09 Октябрь 2025 6150 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев бугун, 9 октябрь куни Душанбеда икки томонлама музокаралар ўтказади. Бу ҳақда “Interfax” хабар берди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, учрашув кун тартибидаги энг асосий масала – икки томонлама муносабатлар.
“Учрашувнинг ўзи икки давлат раҳбарлари барча долзарб масалаларни муҳокама қилишга тайёрлигини билдиради”, деган Песков.
У, шунингдек, Озарбайжон томони номидан гапира олмаслигини таъкидлаган, бироқ Россия томони учрашувга ижобий кайфиятда кираётганини қўшимча қилган.
Бу Путин ва Алиевнинг узоқ танаффусдан кейинги илк тўлақонли учрашуви бўлади. Сентябрь ойида Хитойда ўтган ШҲТ саммитида улар қисқа кўришган, аммо тўлиқ мулоқот бўлмаган. Охирги бундай учрашув 2024 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган.
Путин ва Алиевнинг март ойидан кейинги илк телефон суҳбати Россия Президентининг туғилган куни – 7 октябрда бўлиб ўтди. Кремль бу суҳбатни икки давлат раҳбарлари ўртасидаги алоқалар нуқтаи назаридан муҳим деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар жорий йил июнь охирида Екатеринбургда бир гуруҳ озарбайжонликларнинг ҳибсга олиниши ортидан кескинлашди. Улар 2001, 2010 ва 2011 йилларда содир этилган икки қотиллик ва бир суиқасдга уриниш бўйича тергов доирасида қўлга олинган.
Шунингдек, икки гумонланувчи тергов жараёнида вафот этган. Россия Тергов қўмитаси улардан бири юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Озарбайжон эса жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийноқ қўллаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган.
Баку шаҳрида “Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимлари ҳам ҳибсга олинди. Уларнинг бир қисми кейинроқ қўйиб юборилди, бироқ ижрочи директор Игорь Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва пул ювишда айбланиб, қамоққа олинган. Агентлик фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Дастлаб уларга Россия вакиллари билан учрашувга рухсат берилмаган, кейинчалик Баку бунга ижозат берган.
Live
Барчаси