OpenAI смартфон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Олам
−
06 Май 482 2 дақиқа
OpenAI компанияси сунъий интеллектга асосланган ўз смартфонини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда TF International Securities таҳлилчиси Минг-Чи Куо X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, қурилманинг оммавий ишлаб чиқарилиши 2027 йилда бошланиши мумкин ва икки йил ичида эса 30 миллион дона сотилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, смартфон учун асосий чип етказиб берувчи Тайванда жойлашган MediaTek бўлади. Қурилма махсус ишлаб чиқилган “Dimensity 9600” флагман процессори билан жиҳозланади ва у TSMC заводларида 2 нанометрли технология асосида ишлаб чиқарилади.
Таҳлилчининг айтишича, лойиҳанинг асосий ғояси анъанавий иловалар ўрнини ягона интерфейсга эга СИ-агент билан алмаштиришдир. Унинг фикрича, смартфон бу концепция учун энг мақбул қурилма, чунки у ҳозир ҳам энг оммавий гаджет ҳисобланади. Шунингдек, OpenAI тўлиққонли СИ-агент яратиш учун ҳам дастурий, ҳам аппарат қисм устидан назорат муҳим деб ҳисоблаб, қурилмани нолдан ишлаб чиқмоқда.
Шу билан бирга, OpenAI бошқа аппарат лойиҳаларини ҳам ривожлантирмоқда. Хусусан, ўтган йил май ойида компания Apple’нинг собиқ дизайнери Джони Айв томонидан асос солинган стартапни 6,5 миллиард долларга сотиб олган. Янги қурилма ихчам, экрансиз бўлиши ва камера ҳамда микрофонлар орқали атроф-муҳит ҳақида маълумот тўплай олиши кутилмоқда.
“The Wall Street Journal” маълумотига кўра, компания ўтган йил охирида робототехника ва СИ-қурилмалар йўналишларини алоҳида тузилмаларга ажратиш масаласини ҳам кўриб чиққан. Бу ташқи сармоя жалб қилиш имконини берар эди, аммо IPO тайёргарликлари сабаб бу режадан воз кечилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон 7 та сунъий интеллект компанияси, хусусан, OpenAI билан ҳам ўзаро келишувга эришганини маълум қилганди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси“Ягона Корея” ғояси ўлди
06 Май