Тошкентда ўтган Осиё Олимпия кенгаши йиғилишида икки мусобақа тақдири ҳал қилинди
Спорт
−
06 Май 2022
8434Осиё Олимпия кенгаши (OOK) Ижроия қўмитаси, Хитой Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Ханчжоудаги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси батафсил муҳокамалар натижасида, ОOK Ижроия кенгаши Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган XIX Осиё ўйинларини бошқа муддатга кўчиришга қарор қилди. XIX Осиё ўйинларининг янги саналари ОOK, ХОҚ ва Ханчжоудаги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси ўртасида келишилади ва яқин келажакда эълон қилинади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган ООК Ижроия қўмитасининг 77-мажлисида маълум қилинган, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири.
Ханчжоудаги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси глобал муаммоларга қарамай, ўйинларни ўз вақтида ўтказишга жуда яхши тайёрланган. Бироқ ОOK Хитойда қайта жонланган пандемия сабабли кўплаб спортчилар ва ишқибозларнинг соғлиғини хавф остига қўйишни истамади.
XIX Осиё ўйинларининг номи ва герби ўзгаришсиз қолади ва ОOK барча томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўйинлар тўлиқ муваффақиятга эришади, деб ҳисобламоқда.
Бундан ташқари, ОOK Ижроия қўмитаси жорий йилнинг 20-28 декабрь кунлари Хитойнинг Шантоу шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилиши режалаштирилган III Осиё ўйинларининг тақдирини ҳам муҳокама қилди. ХОҚ ва ташкилий қўмита билан муҳокамадан сўнг, ОOK Ижроия қўмитаси қарорига кўра, Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари аввал бир марта қолдирилгани сабабли, яна кечиктирилмасдан бир йўла бекор қилинди. Шу боис кейинги Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари 2025 йилда Тошкентда бўлиб ўтади.
ОOK Шантоу ташкилий қўмитасига тайёргарлик босқичидаги ажойиб ишлари учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ОOK Шантоуда олиб борилган саъй-ҳаракатлар шаҳар ривожининг турли жабҳаларида, айниқса спорт соҳасида ҳамда Осиёда Олимпия руҳини тарғиб қилишда фойдали бўлганига ишонч билдирди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь