“Онажон, мен ҳали дунёнинг энг кучлиси бўламан”. Ваъдасида турган Баҳодирнинг онаси билан суҳбат

Интервью

image

Хабарингиз бор, бугун, 9 август куни Ўзбекистон Олимпия делегацияси Япония пойтахти Токио шаҳридан Тошкентга учиб келди

Тошкент Халқаро аэропортига спортчиларни кутиб олиш учун спортчиларнинг ота-онаси, жумладан, Олимпиада совриндори Баҳодир Жалоловнинг онаси — Сабоҳат Жалолова ҳам ташриф буюрган. Спортчиларни кутиш жараёнида QALAMPIR.UZ мухбири боксчининг онаси билан суҳбатлашди. Сабоҳат Жалолова ўғлининг чемпионлиги ҳамда Олимпиада таассуротлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Албатта, тўғриси 2016 йилги видеолавҳам бу йил ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетибди. Ўшанда турмуш ўртоғимдан айрилган вақтим эди, оила аъзоларимнинг қистови ҳамда “Ўғлингни кўнгли чўкиб қолмасин, бор кутиб ол”, дейишлари туфайли уни кутиб олгани борганман”, дейди чемпионнинг онаси. 

Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, Баҳодир Жалолов 2016 йилги Риода бўлиб ўтган Олимпиададан сўнг, онасига дунёнинг энг кучлиси бўлишни ваъда қилган.

“Ўғлим ўша пайтда “онам сиқилиб турган жойида мен ҳам ютқизиб қўйдим”, деб мени кўнглимни кўтариш учун: “Онажон, хафа бўлманг. Мен ҳали чемпион бўлиб, дунёнинг энг кучлиси бўламан, ҳаммани лол қолдираман”, деганди. Ҳақиқатдан ҳам ҳозир у ўз ваъдасининг устидан чиқди, дунёни лол қолдирди. Бундан жуда-жуда хурсандман. Ҳозир ўғлим жуда кучга тўлган, ўзининг энг чўққисига чиққан пайт. Ижтимоий тармоқлардан билишимча, ўғлим 2018 йилдан бери мағлубиятга учрамаётган экан, бундан буёғига ҳам ҳеч қандай мағлубиятларни кўрмай, шу юришда давом этсин. Эсон-омон бағримга етиб келсин. Саноқли дақиқалардан сўнг у олтин медаллар билан ёнимизга етиб келади”, дейди Сабоҳат Жалолова.

Чемпионнинг онаси таъкидлашича, “Баҳодиржон” бутун Ўзбекистоннинг фарзандига айланиб бўлган.

“Мен шунга амин бўлдимки, Баҳодиржон фақатгина менинг эмас, бутун Ўзбекистоннинг фарзандига айланиб бўлган экан. Кечадан бери бутун халқимиз унинг жангини кўзда ёш билан томоша қилибди. Уларга ўз миннатдорлигимни билдираман, ўғлимни шу даражага жонкуяр халқимизнинг дуолари олиб чиқди, барчага раҳмат”, дейди Сабоҳат Жалолова

Эслатиб ўтамиз, +91 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов Токио-2020 Олимпиадаси финалида америкалик Ричард Торресни 5:0 ҳисобида таслим этди ва олтин медалга эга бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

522

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг