Онаси туфайли Япония бош вазирини ўлдирган жиноятчи умрбод қамалди
Олам
−
21 Январь 8655 2 дақиқа
Япония суди собиқ бош вазир Синдзо Абэнинг ўлдирилишида айбдор деб топилган 45 ёшли Тетсуя Ямагамига умрбод қамоқ жазоси тайинлади. Жиноятчи қотилликни онаси жамғариб қўйган пулларини Абэнинг партиясига эҳсон қилгани учун содир этганини айтган. Бу ҳақда бугун, 21 январь куни “The Asahi” хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу воқеа уч ярим йил аввал бутун мамлакатни ларзага солган. 2022 йил июль ойида Абэ Япониянинг Нара шаҳрида сайловолди нутқи билан чиқиш қилаётган пайтда қотил Ямагами томонидан қўлда ясалган қуролдан отиб ўлдирилган. Гумонланувчи воқеа жойининг ўзида қўлга олинган. Ўшанда Япония тарихидаги энг узоқ муддат бош вазирлик қилган Синдзо Абэ 67 ёшда эди.
Ямагами октябрь ойида Нара туман судида бўлиб ўтган илк суд мажлисида жиноятини тан олган. Шундан сўнг суд жараёнида асосий эътибор жазонинг оғирлигига қаратилди. Прокурорлар ушбу қотилликни “урушдан кейинги Япония тарихида мисли кўрилмаган ўта оғир жиноят” деб баҳолаб, умрбод қамоқ жазосини сўради.
Синдзо Абэ икки алоҳида даврда қарийб 8 йил бош вазир лавозимида ишлаган ва 2020 йил сентябрида соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб истеъфога чиққанди.
Абэ ўлими вақтида бош вазир лавозимида бўлмаган бўлса-да, ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) ичида кучли ва таъсирчан шахс бўлган. Унинг вафоти партия ичида жиддий бўшлиқ юзага келтириб, кейинги йилларда етакчилик учун бир неча бор курашларга сабаб бўлди.
Хабарларига кўра, қотил Ямагамининг онаси партияга алоқадор бўлган Бирлашиш черковига катта миқдорда хайрия қилган. Бу эса қотилни ғазаблантирган. Бу черков 1954 йилда Жанубий Кореяда ташкил этилган бўлиб, оммавий тўйлари билан танилган. У япон издошларини асосий молиявий манба сифатида кўради.
Ямагамининг адвокатлари судда оиланинг бошидан кечирган молиявий фожиалар эътиборга олиниши ва жазо 20 йил билан чекланиши лозимлигини сўраган, бироқ суд бу талабни рад этди.
Синдзо Абэ ички сиёсатда баҳсли шахс бўлганига қарамай, АҚШ президенти Дональд Трамп билан яқин алоқаларга эга бўлган кам сонли жаҳон етакчиларидан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири Санаэ Такаичи парламентнинг қуйи палатасини муддатидан олдин тарқатиб юборди. Сиёсатчи бу қарорини сайловлар ўтказиш зарурати билан изоҳлагани ҳақида хабар берилганди.