Онангни қози сўкса. Жиноятларга қарши курашиши ишонилган амалдорнинг ўзи пора билан ушланди
3-саҳифа
−
16 март 14762 2 дақиқа
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг (ИЖҚКД) Жиззах вилояти бошқармаси Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили 85 млн сўм пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, бўлимнинг катта тезкор вакили шахсий бойлик орттириш мақсадида ўзининг 1989 йилда туғилган муқаддам судланган таниши билан тил бириктириб, техника таъминоти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) иш бошқарувчисининг ишончига кирган.
Аниқланишича, мазкур МЧЖ билан Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 20 дона интерактив доскаларнинг олди-сотди шартномасини электрон дўкон орқали тузилишида ғолибликни қўлга киритиб, доскаларни қиммат нархда ўтказиб беришни ваъда қилишган.
Ўзларининг қўштирноқ ичидаги холис хизматлари эвазига эса МЧЖ иш бошқарувчисидан 85 млн сўм талаб қилишган.
Департаментнинг катта тезкор вакили асл нархи 15,2 млн сўм бўлган интерактив доскаларни 25 млн сўмдан ўтказиб бермоқчи бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб унинг шериги 1989 йилда туғилган фуқаро 85 млн сўмни олган пайтда ушланган.
Сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан 30 млн сўмни Департамент ходими ўзининг яна бир ҳамтовоғи бўлган – мактаб директори билан биргаликда, ўз яшаш хонадони олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ИЖҚКД Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили ва мактаб директорига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассаси мансабдори 10 минг доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси