Оммавий муштлашув сабаб қанча мигрант Россиядан депорт қилингани айтилди

Олам

image

Юзлаб одамлар жиддий қонунбузарликлар, жумладан, яқинда Москвада қайд этилган муҳожирлар иштирокидаги оммавий жанжаллар ортидан Россиядан депортация қилинди. Бу ҳақда Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ўз блогида маълум қилди.

“Бунақаси кетмайди. Бундай меҳмонлардан хурсанд эмасмиз. Шу боис, сўнгги ойларда полиция қаттиқ рейдлар ўтказди”, дея ёзади мэр. 

Унинг қайд этишича, куч ишлатар тузилмалар 800 та жиноий иш очган, 200 га яқин одамни мамлакатдан чиқариб юборган ва яна 17,5 минг мигрантга Россияга киришни тақиқлаган. Шу билан бирга, шаҳар мэри келажакда ҳам шундай муносабат бўлишини айтиб, [Россияга] меҳмонга келганлардан ўзини яхши тутишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт полицияси Янги Москванинг Адмирал Корнилов кўчасидаги ётоқхонада жанжал уюштирган 20 дан ортиқ муҳожирларни ҳибсга олганди. Уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича протокол тузилган. Муҳожирлар 12 кунга ҳибсга олинган. Улардан беш нафари депортация қилинади.  

Бундан ташқари, жорий йилнинг август ойи бошида Москва яқинидаги Одинцово шаҳрининг Садовая кўчасида муҳожирларнинг оммавий муштлашуви содир бўлганди. Жанжал жойига етиб келган полиция ўн кишини ҳибсга олган. ТАСС манбасининг хабар беришича, ўшанда таёқ ва пичоқ билан қуролланган камида 20 нафар янги келган мигрантлар иштирок этган. Шу билан бирга, Россиянинг Митиши шаҳрида 40 нафар муҳожир иштирокида қуролли тўқнашув содир бўлган.

Жорий йилнинг июль ойида муҳожирлар Москвадаги “Кузьминки” метро бекатида оммавий муштлашув уюштирган. Воқеадан кейин 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 20.2-моддаси 6.1-банди (йиғилиш, намойиш, юриш ёки пикет ўтказиш учун белгиланган тартибни бузиш) билан ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилган. Ҳукумат уларнинг 46 нафарини мамлакатдан чиқариб юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант депорт

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг