Омбудсман “Ичкаридаги ишлар” фильмига ҳиссиётларга тўла муносабат билдирди

Таҳлил

image

2022 йилнинг 30 октябрь куни QALAMPIR.UZ сайтида “Ичкаридаги ишлар” номли махсус фильм эълон қилинган эди. Ушбу фильмда Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясидан ўлиги чиққан Оятулло Раҳматулло ўғли Махсумов ҳақида сўз борган. Фильмда марҳум маҳкумнинг яқинлари, ота-онаси унинг қийноқлар оқибатида вафот этганини даъво қилган. Шунингдек, фильмда собиқ маҳкумлар ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг ҳам қамоқхоналаридаги вазият хусусида фикрлари жамланган эди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мазкур видеоматериалга муносабат билдирди.

“Шу йилнинг 9 октябрь куни Навоий вилоятидаги 4-сон жазони ижро этиш колониясида муқаддам тўрт маротаба судланган маҳкумнинг ўз жонига қасд қилгани ҳолати бўйича унинг яқин қариндошлари фикрлари олинган. Ушбу ҳолатда марҳумнинг яқинлари унинг қийноққа солинганини айтишган. Ҳозирда Навоий махсус прокуратураси томонидан мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва қонуний қарор қабул қилинади”, дейилган муносабат аввалида.

Шунингдек, Омбудсман ушбу ҳолат бўйича марҳумнинг яқин қариндошларидан қийноққа оид мурожаат келиб тушмаганини, шундай бўлса-да, мазкур ҳолат бўйича Интернет ижтимоий тармоқларида хабарлар берилгач, ишга тааллуқли ҳужжатлар ўрганилганганини қуйидагича маълум қилган:

“Дарвоқе, жорий йилнинг май ойида Омбудсман бошчилигида Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига, жумладан 4-сон колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилган эди. Ушбу мониторингда иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларга Навоийдаги колониялардан қийноқ бўйича шикоятлар келиб тушмаганини ёзган”.

Бундан ташқари, Омбудсман QALAMPIR.UZ сайти журналисти Ҳулкар Муртазоевани мазкур ҳолат 2022 йилнинг октябрь ойида содир бўлган бўлишига қарамай, Омбудсманнинг бир йил аввалги, яъни 2021 йилнинг октябрь ойида журналистларга берган интервьюсидан иқтибос келтирганликда айблаган.

Бунга жавобан сайт таҳририяти шуни маълум қиладики, махсус фильмда Омбудсман Феруза Эшматованинг фикрлари янги гап сифатида берилмаган. Аксинча, Эшматова бу гапни 2021 йилда айтгани алоҳида урғуланган, бу орқали фильмда жорий йилдаги вазият ва ўтган йилдаги ўрганишлар таққосланган. Қолаверса, Оятулло Махсумовнинг 2018 йил декабрда озодликдан маҳрум қилинганини инобатга олсак, бу ўринда Омбудсманнинг 2021 йилдаги тугул, ўтган 5 йил ичида қийноқлар борасида айтган ҳар гапи биз учун муҳим. Агар Эшматованинг қолган йиллар бўйича ҳам ҳисоботи бўлса, уни эшитишга тайёрмиз.

Энди Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг 2022 йилга оид янги фактларига тўхталсак. Аммо бу фактлар ўтган йилдагисидан деярли фарқ қилаётгани йўқ. Шу сабаб 2021 йилдаги ва 2022 йилдаги муносабатларда катта номутаносибликни кўрмадик.

Омбудсманнинг маълум қилишича, пенитенциар муассасаларга 2022 йилнинг 9 ойлигида 297 та мониторинг амалга оширилган. Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан мониторинглар жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятини огоҳлантиришсиз амалга оширилмоқда ва мавжуд ҳолатлар ўрганилади. Ўрганишларда маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда учрашиб, қийноқлар қўлланиляптими-йўқми сўралади ва уларга яратилган шароитларнинг белгиланган талаблар даражасида эканлиги ҳолати ўрганилади.

“2022 йилда Омбудсманга қийноқлар бўйича мурожаатлар келиб тушган, лекин, улар кўп ҳолларда тасдиқланмаяпти. Баъзи мурожаатлар эса 5-10 йиллар аввалги қийноқлар ҳақида. Мавжуд ҳолатни синчиклаб ўрганиш мақсадида 2022 йилдан маҳкумлар орасида республика бўйлаб аноним сўровлар ҳам ўтказиш йўлга қўйилди. Натижалар, албатта, Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик маърузасида эълон қилинади”, дейилади муносабатда.


Муносабатда алоҳида таъкидланишича, 2022 йилда Омбудсманга ўз ваколатини суистеъмол қилиб, инсон ҳуқуқларини поймол этган ҳуқуқ-тартибот ходимлари устидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган. Битта ҳолатда Жиноят кодексининг қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва далилларни сохталаштириш моддалари билан айбдор деб топилган. Шунингдек, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

“QALAMPIR.UZ сайти журналисти собиқ маҳкумлар (исм-шарифлари ошкор этилмаган) билан телефон орқали суҳбатлашганда, “Омбудсман ўзи билан олиб юрадиган қути”лар жумласини айтиб ўтган. Аслида эса “Омбудсман қутилари” олиб юрилмайди, улар колония ва тергов ҳибсхоналарида видео камера ўрнатилмаган ва маҳкумлар бориши мумкин бўлган қулай жойларга жойлаштирилган. Аҳамиятлиси, ушбу қутиларни Омбудсман ходимлари ва минтақавий вакиллардан бошқа ҳеч ким оча олмайди. Мурожаатлар ҳар икки ҳафтада ўрганиш учун олиб кетилади”, дейилган баёнотда.

Шу ўринда айтиб ўтсак, QALAMPIR.UZ Омбудсман каби қамоқхоналарга кунда-шунда кириб-чиқа олмайди. Бунга ваколати ҳам йўқ. Шу боис қути қаерда туришини билмаймиз ҳам. Қолаверса, биз тарафларни тенг тинглаш мақсадида собиқ маҳкумларга ҳам қулоқ тутдик. Хўш, гап қутининг қаерда туришидами ё унинг бўш қолаётганида?

“Ичкаридаги ишлар” махсус филмида суҳбатлашилган собиқ маҳкумлар ўзларига нисбатан қийноқ қўлланилаётганини айтган тақдирда уларга нисбатан психологик ва жисмоний тазйиқлар бошланишини, шу сабабли муҳкумлар қўрқиб, қийноқлар ҳақида оғиз очолмаслигини айтган.

“Эслатиб ўтамиз, Омбудсман расмий веб-сайтида шу йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси томонидан эълон қилинган хабар жойига чиқиб ўрганилгани ва маҳбус қийноққа солингани бўйича Омбудсманга мурожаат қилгани расмий муносабат эълон қилинган. Бу хабар QALAMPIR.UZ сайтида ҳам берилган. Бу ҳолатда Самарқанд шаҳридаги ички ишлар ходимлари томонидан маҳбуснинг 10 кун олдин мотоциклидан йиқилгани ва бу жароҳатлар шунинг оқибати эканлиги айтилаётган бўлишига қарамай, Омбудсман ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Бош прокуратурага талабнома юборган. Ички ишлар вазирлиги ва маҳкумнинг фикрлари бир-бирига зид, ҳақиқат эса прокуратура ўрганишларидан кейин маълум бўлади”, дея қўшимча қилинади расмий муносабатга.

Шу билан бир қаторда Омбудсманнинг терговга қадар текшириш олиб бориш ваколати мавжуд эмаслигини, шунинг учун қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар жойига чиқиб ўрганилгач, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилишини маълум қилган.

Бироқ, Омбудсманнинг айтишича, маҳкум ва маҳбусларнинг кўрсатмалари ва ишга оид тўпланган дастлабки ва бирламчи ҳужжатларга асосланади  ва 2021 йилда Омбудсман назоратига олинган қийноқ ҳолатлари бўйича прокуратура органлари томонидан биронта қийноқ ҳолати тасдиқланмаган.

“Афсуски, мамлакатда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, асоссиз ва ёлғон ахборотларни тарқатиб, аҳоли орасида хавотир уйғотиб, “сохта обрў” олишга уринаётганлар ҳам учраб турибди”, дея журналистик суриштирувни ёлғонга тенг қилган Омбудсман.

Шунингдек, идора фильмда қамоқхоналарда қийноқлар давом этаётгани ҳақида ўз фикрлари билан бўлишган "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг интервьюсига ҳам тўхталиб, унинг “Омбудсман билан овозимиз бир жойдан чиқмай қолди. Тўғрироғи, биз уларнинг хўрига қўшилолмай қолдик. Шунинг учун ҳозир улар мониторинг кузатувларида иштирок этишимизга қўймаяпти”, деган фикрларига муносабат билдирган.


“Аслида эса Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси бўлган А.Ташановнинг мониторинг ташрифларига жалб қилинмаётганига унинг Омбудсман огоҳлантиришларига қарамай маҳкумлар ҳуқуқларини бир неча бор қўпол равишда бузгани сабаб бўлган. У маҳкумларнинг қадр-қимматини камситишга қаратилган хабарлари ва шахсга доир ахборотларни уларнинг рухсатисиз эълон қилган. Шундан сўнг Омбудсманга маҳкумлар ва уларнинг яқинлари томонидан "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари ННТ устидан мурожаатлар ҳам келиб тушган. Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифларидан кўзланган мақсад, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланганлик даражасини ўрганиш, асло улардан PR сифатида фойдаланиш эмас. Бундан тўғри ҳулоса чиқариш ўрнига “ҳуқуқ фаоли” ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали Омбудсман институтига нисбатан аҳоли орасида ишончсизлик кайфиятини уйғотиш мақсадида турли асоссиз хабарлар тарқатиш йўлига ўтди. (Бу бўйича журналистларга қўшимча маълумот берилиши мумкинлиги маълум қилинади)”, деган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис Омбудсмани ҳиссиётларга берилиб.

Шу тариқа идора мавзу юзасидан Омбудсман, Прокуратура, ИИВ маълумотлари келтирилган, Жазони ижро этиш дкпараменти масъулидан интервю олинган ҳамда марҳум маҳкумнинг оила аъзолари, айнан шу колонияда жазо ўтаган собиқ маҳкумлар, депутат ва ҳуқуқ фаоли билан суҳбатлашилганига қарамай, QALAMPIR.UZ сайти материалини “холислик тамойили бузилгандек”, дея изоҳлаган.

“Биламизки, аҳоли орасида танқидий руҳда ёзилган хабарлар кўпроқ оммалашади. Лекин, журналист ҳар қандай вазиятда ҳам воқеани холис ёритиши зарур. QALAMPIR.UZ сайти материалида эса ушбу ҳолислик тамойили бузулгандек назаримизда... Чунки Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича фаолияти ҳақидаги янги маълумотлар, фильмдаги баъзи иддаоларни пучга чиқариши аниқ эди”, дейилган муносабатда.

Қолаверса, ушбу видеоматериал давомида журналист томонидан айтилган “Оятуллодан аввал ҳам 2020 йилда Навоийдаги қамоқхонадан янгийўллик 45 ёшар маҳкум Фаррух Хидировнинг жасади чиқарилганди” мазмунидаги фикрларни “марҳум Ф.Хидировнинг ўлимини ҳам ушбу ҳолатга боғлашга урининиш дея изоҳлаган”.

“Марҳум маҳкум Ф.Хидировнинг ўлими ҳолати ҳам интернетнинг турли ижтимоий тармоқларида, хусусан Интернетнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари ННТнинг саҳифасида чоп этилгач, Омбудсман ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Хабарларда марҳум Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада, халқ тили билан Сангородда вафот этганлиги кўрсатилган. Омбудсмандаги мавжуд ҳужжатларга кўра ҳам марҳум Ф.Хидиров Навоийдаги колониядан 2020 йил 3 июнь куни Сангородга келтирилган ва 18 июнь куни шу ерда вафот этган. Ҳаттоки, унинг вафотидан сўнг марҳумнинг қариндошлари марҳумнинг оғир касаллиги сабаб, уни олиб кетишга қўрқишган ва марҳум бир неча кун касалхонада сақланган. Бу бўйича ҳам Омбудсманнинг расмий муносабати эълон қилинган”, деб келтирилади расмий хабарда.

Шунингдек, фильм якунига ҳам ўз эътирозларини билдирган Омбудсманнинг айтишича, қийноқ ҳолатлари жазони ижро этиш муассасаларида эмас, тергов жараёнларида содир этилган ва прокуратура органлари томонидан қонунбузулиш ҳолатларига йўл қўйган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

“Ушбу ҳолатларни жазони ижро этиш муассасаларидаги ўлим ҳолатларига боғлаш мақсадга мувофиқ эмас”, дейилади муносабатда.

Лекин, фильмда қамоқхонадаги қийноқларга оид фикрларга қўшимча равишда Ўзбекистонда терговга қадар қийноқлар ҳам қўлланилаётгани аниқ қилиб айтиб ўтилган.

“Таъкидлаш лозимки, ҳозирда Омбудсман томонидан унга юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида тергов суриштирув жараёнларидаги қийноқ ҳолатларини олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Эслатиб ўтамиз, агарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига қийноққа оид мурожаат келса ва у маҳкум ёки маҳбуслар томонидан тасдиқланса, бу ҳақда албатта жамоатчилик хабардор қилинади. Чунки бу очиқлик сиёсатига мос ва қийноқларни олдини олиш бўйича қўйилган муҳим қадамдир. Омбудсман қийноқ ҳолатларини яширишни эмас, уларни олдини олиш ва бартараф этиш тарафдори”, дея ўз муносабатини якунлаган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ’нинг жорий йил 7 октябрда Навоийдаги 4- сон ЖИЭКда вафот этган Оятулло Махсумов мисолида тайёрлаган Ўзбекистондаги турмаларда қийноқлар бор-йўқлигига оид “Ичкаридаги ишлар” номли махсус фильмини QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг