Олтин рекорд даражада қимматлади
Жамият
−
04 Декабрь 2023
11691Жаҳон бозорида олтин нархи бир унция учун 2100 доллардан ошиб, рекорд даражага чиқди. Бу ҳақда "Коммерсантъ" нашри хабар берди.
AFP маълумотларига кўра, савдолар очилишида металлнинг нархи 2135,39 долларга етган ва бу пандемия давридаги рекордни ҳам янгилаган.
Нашрнинг ёзишича, бунга Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш фонида олтинга қизиқишнинг ортиб бораётгани сабаб бўлган. Шунингдек инфляциянинг секинлашиши ҳам бунинг омилларидан бири саналмоқда. Бу эса Федерал резерв ставкаларини пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида Ўзбекистон Марказий банки 4 декабрь, душанба кунидан бошлаб олтин нархини белгилади.
Айни пайтда 5 граммли олтин қуймаси 4 миллион 240 минг сўмдан сотилмоқда. Бу қимматли металнинг бир грамми 847 920 сўм ёки ўтган жума кунгидан 1,2 фоизга қимматроқ деганидир.
Ўзбекистон жаҳонда етакчи олтин экспорт қилувчи давлатлардан бири саналади. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хорижга 6,87 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Бу кўрсаткич, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 бараварга кўпайган.
Маълумот учун, ноябрь ойи охирида жаҳон бозорида олтин нархи бир троя унцияси учун 2050 доллардан ошиб, охирги етти ойликдаги энг юқори кўрсаткичга етган. Таҳлилчиларнинг фикрича, металл котировкаларининг янада ошиши эҳтимоли кам, йил охирига келиб унинг нархи 1,9 минг долларгача тушиши мумкин.
LiveБарчаси