Олтин кони қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

Олам

−

image

Колумбиянинг жануби-ғарбидаги Наринью провинциясида кеча, 19 октябрь куни рухсатсиз фаолият юритаётган очиқ олтин кони қулаши оқибатида камида 14 нафар кончи ҳалок бўлди, яна 7 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса Санта-Барбара-де-Искуанде шаҳри яқинида юз берган. Наринью провинцияси ҳукуматининг маълум қилишича, қидирув-қутқарув ишлари 19 октябрь куни кечқурун якунланган.

“Ушбу фавқулодда ҳодиса норасмий кончилик билан боғлиқ хавфларни яна бир бор кўрсатмоқда. Уч ойдан кам вақт ичида Наринью провинциясида иккита кон қулаши оқибатида 27 киши ҳалок бўлди”, дейилади маҳаллий ҳукумат баёнотида.

Наринью провинцияси губернатори Луис Альфонсо Эскобар ҳодиса оқибатида бутун оилалар ҳалок бўлганини айтган.

“Бу жуда аянчли ҳодиса. Бутун оилалар ҳалок бўлди”, деган у.

Санта-Барбара-де-Искуанде шаҳри қалин тропик ўрмонлар билан ўралган бўлиб, у ерга фақат қайиқ ёки кичик самолётда етиб бориш мумкин. Шу сабабли қутқарув гуруҳларининг ҳудудга бориши қийин. Бундан ташқари, шаҳарчада хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд.

Нашрга кўра, Колумбияда юзлаб кичик конлар ҳукумат рухсатисиз ишлайди, уларнинг айримлари қуролли гуруҳлар назоратида.

Колумбия Омбудсман идораси ҳудуддаги қуролли гуруҳларни гуманитар ёрдамнинг шаҳарчага етиб боришига тўсқинлик қилмасликка чақирган.

“Барча саъй-ҳаракатларимиз инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш ва ушбу фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилиши керак”, дейилади идоранинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суданнинг Ғарбий Кордофан провинциясида жойлашган “Ал-Зара” олтин конининг ўпирилиб тушиши оқибатида камида 67 киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг