Олтин қўшилган овқатлар ҳаромми? Фатво маркази жавоб берди
Жамият
−
18 Сентябрь 2023
20303Ижтимоий тармоқларда айрим фуқароларнинг олтин қўшилган таомларни қиммат нархларда харид қилгани ҳамда бундай ноодатий таомларни истеъмол қилаётгани тасвирланган видеолар тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Ислом динида олтин қўшилган таомларни ейиш ҳукмини эълон қилди.
Унга кўра, савдо масаласидаги олди-берди учун мўлжалланган ҳамда турли тақинчоқлар ва аёллар ўзига зеб беришда фойдаланадиган қимматбаҳо металлни озуқавийлаштириш шаръий ва инсоний урфга тўғри келмайди. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган.
“Олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас. Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас”, дейилади Фатво маркази хабарида.
Қуръони Kаримнинг “Бақара сураси”да ҳам “Биз айтдик: Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз”, дейилган. Уламоларнинг таъкидлашича, ушбу оятда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм, деб эътиборга олинмоқда. Демак, тилла ёки кумушни ейиш ҳам “зулм” ҳисобланади.
“Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: Олтин ва кумуш идишларда (таом ва сув) ичманглар.(Муттафақун алайҳ). Бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибр ҳамда фахрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади”, дейилади Фатво маркази хабарида.
Шунингдек, уламолар айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилаётгани, бу заруратда бошқа дори қолмагани учун “ҳаром билан даволаниш” бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланишини қайд этган. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмаслиги алоҳида таъкидланган.
LiveБарчаси