“Оломонлик” ва “провакация”га йўл қўймайлик! – Кушербоев “Сквер”даги намойиш ҳақида
Жамият
−
29 Март 2021
10981Сўз эркинлиги жисмоний куч ишлатиш ёки "провакация"га чорлаш дегани эмас. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Ккушербоев мамлакатда бесоқолбозлик – ЛГБТни қўллаб намойиш ўтказишга уриниш бўлаётганига муносабат билдириб, шундай фикр билдирди.
“Афсуски, Амир Темур ҳиёбонида бўлиб ўтган тартибсизлик сўз эркинлиги чегарасини очиқчасига бузиш ва омма ўртасида ихтилоф чиқариш йўлидаги ҳаракат бўлди. Балки айрим яширин кучларнинг мақсадига етиш учун айни муддао бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ҳозир гап бу ҳақда эмас”, дейди Кушербоев.
У сўзида давом этиб, сўз эркинлигидан фойдаланадиган одам ўзига маъқул бўлмаган фикрга қарши куч ишлатиши эмас, ғоявий баҳсга киришиши кераклигини таъкидлаган.
“Сўз эркинлиги шуки, бунда сиз эшитишни истамаган шахсларнинг фикрига қўшилмасангиз ҳам унга тоқат қилиш ва позициянгизни ғоялар бахсида ҳимоя қилишдан иборат. Ва бу ҳеч қачон шахсиятга ўтиш ёҳуд “провакация” орқали куч ишлатишга олиб келиши керакмас. Агар бу чегарани бузсангиз, демак сўз эркинлиги сиз учунмас. Айнан шу нуқтада сўз эркинлигининг чегараси тугайди. У ёғи эса қонунан жавобгарликка сабаб бўлувчи тартибсизлик ва ҳақоратга олиб бориши мумкин.
Агарки, жамият буни қабул қилолмаса, демак сўз эркинлиги тушунчасини англаш ва ундан фойдаланишга маънан ҳақли эмас”, деган депутат бесоқолбозликни қўллаб намойиш ўтказишга уриниш бўлганига муносабат билдириб.
Кушербоев жамоатчилик ЛГБТ масаласига ўз муносабатини билдираётганинига тўхталиб, ўзи ҳам бу иллатга қарши эканини таъкидлаган.
“ЛГБТ масаласида жамиятнинг аксари фикр орқали ўз позициясини билдирмоқда. Ва табиатан аёл ва эркак сифатида дунёга келиб, табиий равишда умр кечираётган сайловчиларимнинг фикри ҳамда ўзимнинг шахсий қарашларимдан келиб чиқиб мен ҳам бунга ўз муносабатимни билдирдим: ЛГБТ масаласига қаршиман.
Бироқ биз ҳеч бир ҳаракатимизда бунга нисбатан куч ишлатиш ёҳуд тартибсизлик қилишга чақирмадик. Биз ўзимизга ёқмаса ҳам уни мустақил фикр сифатида тоқат қилиб тинглашга бурчлимиз.
Чунки фуқаролик жамиятида фикрлар хилма хил бўлишини табиий қабул қиламиз. Ва буни фуқаролик жамияти шароитидаги жамоатчилик назоратининг муҳим инструменти сифатида биламиз. Бу инстурментга путур етишини истамаймиз”, дейди Кушербоев.
Депутат жамоатчилик қаршилигига учраётган фикрлар куч ишлатиш билан йўқ бўлиб кетмаслигига эътибор қаратган.
“Бир ҳақиқат аниқ: биз эшитишни истамаган фикр ва қарашлар, муаммоли масалалар ҳеч қачон куч ишлатиш ва тартибсизлик қилиш йўли билан ҳал қилинмайди.
Шу боис, бўлиб ўтган тартибсизликни жамиятнинг онгли аъзоси сифатида ҳеч қачон оқлай олмайман. Ва барчани "оломон жамият" қиёфасини кўрсатмай, муаммоларни босиқлик билан "диалог" орқали ҳал этадиган маданиятли мамлакат фуқаролари сифатида намоён қилишга чақириб қоламан. Биз асли бундай эмасмизку!
Тартибсизлик, "оломонлик" ва "провакация"га йўл қўймайлик! Тартиббузар ва бунга чорловчи "провакатор"ларга эса қонуний чора кўрилишини сўраб қоламиз”, дея сўзини якунлаган Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 март куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида бесоқолбозлик – ЛГБТ тарафдорлари намойиши ўтказилиши режалаштирилган вақтда унга қарши бўлганлар тўпланди ва митинг уюштирилди. Мазкур намойишда ИИББ маълумотига кўра, 12 киши ҳибсга олинган.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда бесоқолбозлик масаласи Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат йўллаганидан сўнг кун тартибига чиқди.
Айни вақтгача бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаган.
LiveБарчаси