Олмаотада ишламай қолган зилзиладан огоҳлантириш тизими текширилади
Олам
−
25 Январь
3707Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олмаотада яқинда ишламай қолган зилзила ҳақида огоҳлантириш тизимини текширади. Бу ҳақда бошқарма расмий вакили Арман Тлеукенов маълум қилди.
Бу тизим ҳақида аввалроқ “Адолат йўли” жамоат бирлашмаси директори Дидар Смагулов баёнот берган эди.
Унинг сўзларига кўра, 1,1 миллиард тенге (тахминан 2,5 миллион доллар) қийматидаги зилзиладан эрта огоҳлантириш хизматларини кўрсатувчи компания собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Нурали Алиевга тегишли.
“Биз бу маълумотлардан хабардормиз, ҳамкасбимиз Дидар Смагуловнинг нашрини ҳам ўқидик. Мазкур ҳолат юзасидан Олмаота антикоррупция агентлиги “Адолат йўли” жамоат бирлашмаси томонидан ариза ёзган. Материаллар ваколатли органга текшириш учун юборилган ва унинг натижаларига кўра тегишли процессуал қарор қабул қилинади”, дейди Тлеукенов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 январга ўтар кечаси Қирғизистон-Хитой чегарасида бир неча бор зилзила содир бўлди. Хитой сейсмология маркази маълумотларига кўра, 7,1 магнитудали энг кучли зилзила Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Оқсу туманида маҳаллий вақт билан соат 2:09 да юз берган.
Шунингдек, минтақада магнитудаси 3 дан 5,3 гача бўлган бир неча ўнлаб ерости силкинишлари қайд этилган.
Зилзилани Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарлари аҳолиси ҳам ҳис қилди.
Олмаотадаги фавқулодда ҳолатнинг дастлабки дақиқаларида, шу жумладан, ҳеч қандай маълумот йўқлиги сабабли кўплаб маҳаллий аҳоли ваҳимага тушиб қолишди. Маҳаллий аҳоли зилзила пайтида шаҳар сиреналари ишламай қолганидан шикоят қилди.
Ўз навбатида, Олмаота Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзиладан эрта огоҳлантиришнинг автоматлаштирилган тизими ҳозирда синов режимида эканлигини ва у тахминан 2024 йилнинг биринчи ярми охиригача давом этишини маълум қилган.