Олмаотада БМТнинг минтақавий маркази очилади
Олам
−
05 Март 2134 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТнинг минтақавий маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай хабар берди.
Унинг айтишича, кеча, 4 март куни БМТ Бош Ассамблеяси 152 та мамлакат ҳаммуаллифлигида Олмаотада Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисидаги резолюцияни консенсус асосида қабул қилган.
“Бу Қозоғистон учун муҳим ташқи сиёсий муваффақиятдир. Давлат раҳбари Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлаган барча ҳамкор мамлакатларга миннатдорлик билдирди. Президентнинг фикрича, БМТнинг минтақавий маркази минтақадаги халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим платформага айланади”, деб ёзди Желдибай.
Маълумот учун, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 2019 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган 74-сессиясида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ минтақавий марказини Олмаотада жойлаштириш ташаббусини илгари сурган.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари ушбу ташаббус билан 2023 йил май ойида Афғонистондаги вазият ёмонлашган пайтда ҳам чиқиш қилган. Ўшанда Қозоғистон етакчиси халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда гуманитар инқирозни олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларининг аҳамиятини таъкидлаган.
“БМТ раҳнамолигида афғон халқига ҳар томонлама ёрдамни кучайтириш зарур. Шу нуқтаи назардан, Олмаотада Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси айни муддао”, деган Тўқаев.
Президентга кўра, ушбу марказ БМТнинг минтақадаги лойиҳавий фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни таъминлайди.
Live
Барчаси