Олий таълимга янги “ўйин қоидалари” киритилди
Интервью
−
15 Апрель 23411 2 дақиқа
Эндиликда магистратура йўналишига ҳужжат топширишда тил сертификати талаб этилмайди. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 апрелдаги 58-сонли “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан олий таълим, фан ва инновациялар тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар кейинги босқичга ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш бўйича сертификат тақдим этишдан озод этилади.
“Бу тил сертификати умуман бекор қилинди дегани эмас. Фақат хорижий тилда таҳсил олган ва якуний имтиҳонларни шу тилда топширган талабалар мазкур талабдан озод этилади. Чунки улар амалда тил бўйича мутахассис ҳисобланади”, дейди вазир ўринбосари Сардор Ражабов.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларига қўшимча ваколатлар берилмоқда. Жумладан, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб магистратурага қабул жараёнида олий таълим муассасаларининг ўзи мустақил равишда қабул имтиҳонларини ўтказади. Вазирлик ахборотига кўра, хотин-қизлар учун ажратиладиган грант ўринларини шаффоф механизм асосида тақсимлаш чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Тадбирда журналистлар томонидан “Сиртқи таълим йўналиши яна қайта очиладими?” деган савол ўртага ташланди. Бунга жавобан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сиртқи таълим йўналишлари яқин йилларда қайта очилмаслиги билдирди. Бу қарор талабалар сони кескин ошгани билан изоҳланди.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллион нафар талаба таҳсил олмоқда – бу саккиз йил аввалги кўрсаткичдан қарийб тўрт баравар кўп. Эндиликда асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади”, дейди Шарипов.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим муассасалари фаолиятини баҳолашнинг янги – миллий рейтинг тизими жорий этилади. Унга кўра, олийгоҳлар молиявий жиҳатдан рағбатлантирилади. Баҳолашда таълим сифати, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, рақамлаштириш даражаси ҳамда битирувчиларнинг бандлиги каби мезонлар инобатга олинади.
Шу билан бирга, фармонга мувофиқ Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилади. Ушбу марказ орқали ҳар йили 500 нафаргача иқтидорли хорижий талабалар учун “Янги Ўзбекистон стипендияси” ажратилади.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель