Олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлаш бошланди

Жамият

image

Жорий йилнинг 25 июль куни ОТМларга имтиҳон топшириш якунланиб,  эндиликда Олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлаш бошланди.  Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар 2024 йил 27 июлдан 10 августга қадар 15 кун давомида олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлашлари лозим.

Бунинг учун my.uzbmb.uz платформасининг “Олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул” бўлимига кириб, “Хизматдан фойдаланиш” тугмаси босилади ва “ОТМ танлаш” бўлимига ўтилади. Дастлаб абитуриент “Танлов устуворлиги” ва “Мақсадли қабул” бўйича ўз танловини амалга оширади. Шундан сўнг абитуриент тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос  бўлган бештагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини таълим шакли билан бирга танлайди.

Бунда таълим йўналишларини бир олий таълим муассасаси ёки турли олий таълим муассасалари доирасида танлаш имконияти мавжуд.

Таълим йўналишларини танлаб, “Сақлаш” тугмаси босилгандан сўнг маълумотларни тасдиқлаш учун абитуриентнинг телефон рақамига SMS хабар юборилади. SMS хабардаги кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади.

Маълумотлар тасдиқланганидан сўнг, “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади. Қайд варақада абитуриент танлаган танлов устуворлиги, таълим шакллари, олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари акс этган бўлади. Юклаб олиш тугмаси орқали абитуриент қайд варақасини юклаб олиши мумкин.

Абитуриентлар таълим йўналишларини танлаш муддати якунлангунга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин.

Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани тўғрисидаги якуний танлов натижалари таълим йўналишларини танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда эълон қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМлар таълим йўналишларини танлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг