Олий суд Тўхтаназаровнинг қамоқдан озод қилинишига изоҳ берди
Жамият
−
06 Февраль 2019
1688Аввал хабар берганимиздек, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг собиқ депутати Олимжон Тўхтаназаров ҳибсдан озод қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан бироз аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тушунтириш берган эди. Порахўрликда айбланган Тўхтаназаровнинг кўпга бормай озодликка чиқиши, одамлар орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам расмий баёнот берди. Ундай шундай дейилади:
2019 йил 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида судланувчи Олимжон Тўхтаназаров (1969 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч фарзанди бор, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Тошкент” телерадиоканали” ДУК режиссёри лавозимида ишлаган, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати бўлган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, О. Тўхтаназаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми, 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.
О. Тўхтаназаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
О. Тўхтаназаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 62-моддаси (дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида 2018 йил 22 сентябрдан 2019 йил 5 февраль кунига қадар 4 ой 14 кун қамоқни ҳар бир кунини озодликни чеклаш жазосини бир кунига ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегирилиб, 2 йил 8 ой 16 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Судланувчи О.Тўхтаназаровга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
LiveБарчаси