“Олий Даражали Дўстлик” ордени таъсис этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Олий Даражали Дўстлик» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган


1-модда. «Олий Даражали Дўстлик» ордени таъсис этилсин.

2-модда. «Олий Даражали Дўстлик» ордени тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).

3-модда. «Олий Даражали Дўстлик» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги 176–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилинган ЎРҚ–473-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 221-модда;
2019 йил, № 9, 589-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:

1) 8-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикасининг орденлари таркибига «Олий Даражали Дўстлик» ордени ҳам киради»;

2) 15-модда қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Олий Даражали Дўстлик» ордени кўкракнинг ўнг томонига ёки орден занжирида тақилади»;

саккизинчи – ўн тўртинчи қисмлари тегишинча тўққизинчи – ўн бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

ўн иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Планкалардаги ленталарни тақиб юриш қоидалари олий мукофот белгиси – «Олтин Юлдуз» медалига, «Мустақиллик», «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди», «Олий Даражали Дўстлик» орденларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонларига нисбатан қўлланилмайди».

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ш. Мирзиёев


«Олий Даражали Дўстлик» ордени тўғрисида

НИЗОМ

1. «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси халқининг чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда юксак сиёсий ирода намоён этган, фаол ташаббусларни илгари сурган ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга янгича руҳ, чуқур ва амалий мазмун бағишлаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун:

•    хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;

•    хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;

•    халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари;

•    атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган улкан намояндалари, инсонпарварлик руҳидаги эзгу ишлари билан ном қозонган меценатлар, бизнес ҳамжамиятининг таниқли вакиллари мукофотланади.

2. «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан:

•    Ўзбекистон Республикаси билан чет давлатлари ўртасида ҳар томонлама манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ҳурмат ва ишончни кучайтиришдаги шахсий ҳиссаси;

•    хорижий мамлакатларнинг халқлари билан дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида кўрсатган алоҳида хизматлари;

•    умуминсоний ва миллий маънавий қадриятларни, тарихий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, турли халқлар маданияти ва санъатини янада бойитишдаги фаол иштироки;

•    ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш, йирик ижтимоий-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, инновацион ғоя ва технологияларни яратиш ҳамда турли соҳаларга татбиқ этишда эришган салмоқли натижалари;

•    илм-фан ва маърифат, маданият, санъат ва адабиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларини, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги катта ютуқлари;

•    инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашдаги кўп йиллик ва фидокорона меҳнати;

•    кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни демократик янгилашдаги роли ва аҳамиятини ошириш, жамият ва давлат ўртасидаги тизимли ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари;

•    экологик муаммоларни ҳал этиш, сайёрамиз ва мамлакатимизда қулай атроф-муҳитни таъминлаш, инсон генофондини сақлаш, биохилма-хиллик ва табиий бойликларни асраб-авайлаш, ҳозирги ва келгуси авлоднинг экологик хавфсизлиги ҳақида ғамхўрлик қилишга қаратилган кўп йиллик самарали фаолияти;

•    халқаро миқёсдаги улкан жамоатчилик, гуманитар ва хайрия фаолияти учун мукофотланади.

3. «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирланиши мумкин. Бунда «Олий Даражали Дўстлик» ордени чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти ҳисобланади.

4. «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилади. Орден билан мукофотлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

5. «Олий Даражали Дўстлик» орденини ва мукофотлаш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни топшириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёки унинг топшириғига биноан бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан тантанали вазиятда амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентини «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан амалга оширилади.

7. «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаларини оладилар, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар.

8. «Олий Даражали Дўстлик» ордени тегишли кетма-кетликка риоя этган ҳолда кўкракнинг ўнг томонига ёки орден занжирида тақиб юрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Даражали Дўстлик ордени

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар