Олинмаган қасос. Мундиал ушалмас орзуми?

Таҳлил

Қадрли миллий терма жамоа! Мен Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён сизнинг Жаҳон чемпионатига чиқишингизни орзу қилиб келаётган, сочига оқ оралаган, ғалабангизда қувониб, мағлубиятингизда хуноб бўлиб, гол урганингизда хурсандчиликдан ичига сиғмай, ўтказганингизда кўзига ёш олган, йиллар давомида аламли мағлубиятларни қабул қилиб олганингизда ноумид бўлмай бугун фарзандини уйлантирадиган, қизини узатадиган ёшга етдим. Сиз мундиал эшигини очишингизгача бўлган давр жуда узоқ ва асабий тарзда ўтмоқда. Шу вақтга қадар ўша ордонақурғур чемпионатда ўйнашингизни кута-кута баъзида футбол кўришдан зада бўлган, аламли мағлубиятлардан юраги оғрийдиган мухлисингиз сизга мурожаат қилмоқчи. Илтимос, бизни буёғига қийнаманг. 2 та тўп ўтказиб турганимизда, 2 марта умид ҳиссини кучайтириб, охирида юзимизга муздек сувни сепишни бас қилинг. Ҳа, биламиз мундиалга чиқиш осон эмас, лекин сиз буни уддалай оласиз. Сиз учун кўзига ёш олиб, майдонга тўп тепишингизни томоша қилган 37 миллионлик халқнинг ҳаққи-ҳурмати, мундиал ҳавоси Ўзбекистонга  ҳам етиб келсин! Ҳурмат билан МТЖ мухлиси.

Ҳа, бундай мухлислар кам дейсизми? Тўғри Қатар билан ўйинда мағлубиятга учраган бўлсак-да, бир қарашда ҳали ҳаммаси жойида, футболчиларимиз гуруҳда 2-ўринни банд этган. Ортимиздан келаётган БАА ва Қатар билан 3 очколик тафовут бор ва биз ҳамон мундиалга яқинмиз, бироқ қатарликлардан учралган аламли мағлубият барибир кўнглимизда кичик бўлса-да, қўрқувнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Охирида ҳаммаси бахайр тугашидан умидвор бўлган ҳолда бугунги спорт дайжестимизни бошлаймиз. Ассалому алайкум.

Ўзбекистон аламли тарзда Қатарга мағлуб бўлди

14 ноябрь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаши Осиё қитъаси 3-босқич “А” гуруҳи 5-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Қатар билан куч синашди.

Ўйиннинг биринчи тайми ўзбекистонликлар учун омадсиз бошланди. Дастлаб, ўйиннинг 21-дақиқасида меҳмонлар сардори Элдор Шомуродов жароҳат олди ва ўз ўрнини Жалолиддин Машариповга бўшатиб берди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, мезбонлар вакили Алмоез Али гол уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Қарама-қарши кечган ҳужумлардан сўнг 41-дақиқада қатарликлар вакили Алмоез Али яна гол уриб, дубль қайд этди. Илк тайм шу тариқа Қатар миллий терма жамоасининг 2:0 ҳисобдаги устунлиги билан якунланди.

Иккинчи бўлимда ўзбекистонликларнинг шиддатли ҳужумлари бошланди. Кетма-кет шундай ҳаракатлардан сўнг, ўйиннинг 75-дақиқасида Аббосбек Файзуллаев боши билан қатарликлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, иккинчи бўлимнинг 25-дақиқасида Аббосбек Файзуллаев яна бир бор бош билан гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг 112-дақиқасида Лукас Мендес гол уриб, жамоаси ғалабасини таъминлади. 

Маълумот учун, ушбу мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон ўз гуруҳида 10 очко жамғариб, 2-ўринда бормоқда.

Ҳамид Саҳари Қатар-Ўзбекистон ўйини ҳақида карикатура ишлади 

Таниқли карикатурачи-рассом Ҳамид Саҳари Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги Қатар-Ўзбекистон ўйини якунлангач, учрашув ҳақида ўз ижодий ишини эълон қилди.

Саҳари карикатурасида ғазабдаги ўзбек футболчилари Қатар билан ўйинни бошқариб борган кореялик ҳакам Ким Жонгҳеокга юзланаётгани, ҳакамнинг либоси ичидан эса Қатар терма жамоаси етакчиси Акром Афиф кулиб қараётгани тасвирланган.

“Ўзбекистонликлар Қатарга қарши ўйин ҳакамидан ниҳоятда ғазабда”, деб ёзган Саҳари карикатураси остида.

Маълумот учун, Қатар-Ўзбекстон ўйинига 6 дақиқа қўшиб берилган бўлса ҳам, ҳакам учрашувни олти эмас 12 дақиқа ўтгач якунлади ва 90+12 дақиқада қатарликлар Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритди. Жаҳон чемпионати саралашининг 5-туридан кейин Ўзбекистон “A” гуруҳида 10 очко билан 2-ўринда бормоқда. 1-ўринни банд этган Эрон ҳисобида 13 очко мавжуд бўлса, “оқ бўрилар”ни мағлуб этган Қатар ҳисобида 7 очко бор.

Жаҳон чемпионати саралаши “A” гуруҳи 5-тур доирасидаги Қатар-Ўзбекистон баҳси якунлангач, футболчиларнинг ўйиндаги баҳолари эълон қилинди.

Ўзбекистон терма жамоасидан энг юқори баҳони Аббосбек Файзуллаев қўлга киритди. Қатарликлар дарвозасига 2 та тўп киритган Файзуллаевнинг хатти-ҳаракатлари 8,7 баллга лойиқ кўрилди. Бу борада энг паст кўрсаткични Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси, захирадан майдонга қўшилган Рустам Ашурматов қайд этди – 6,3 балл. Шунингдек, жароҳат сабаб жуда эрта захирага олинган жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам энг паст баҳолардан бирига лойиқ кўрилди – 6,4 балл. 

Мезбонлар сафида кутилганидек энг юқори кўрсаткични жамоа сардори Акром Афиф қайд этди. У ўз номига ассист ёздириб қўйиш баробарида, жамоасининг хавфли ҳужумларини ташкил этишда бош қош бўлди. Афиф хатти-ҳаракатлари 8,9 баллга лойиқ кўрилди. Қатарликларнинг 2 та голига муаллифлик қилган Алмоэз Али 7,8 балл билан баҳоланди.

Ҳакамдан айбни қидиришни тўхтатайлик – Сардор Рашидов

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Сардор Рашидов Қатар-Ўзбекистон ўйинида ҳакамни айблаш нотўғри деб, ҳисоблади. Бу ҳақда футболчи QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

“Ўйиндан олдин Афифни тўхтатиш учун 50 фоиз имкониятидан фойдалансак етади деган эдим, 10 фоиз эмас. Кеча мураббийлар жанги бўлди ва Қатар мурабийи тўғри қарор қабул қилиб, ўйинни ютиб кетди, лекин ҳали ҳеч нарса йўқотилмади, Шимолий Кореяни ютсак ҳаммаси жойида бўлади”, дейди Рашидов.

Шунингдек, 33 ёшли футболчи Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубиятида ҳакамнинг ҳеч қандай айби йўқ эканини таъкидлади. 

“Ҳакамнинг нима айби бор? Файзуллаев билан боғлиқ вазиятда ҳакам бизни фойдамизга қарор қабул қилиш учун VAR'га борди ва бунинг таъсирида вақт йўқотилди. Мағлубият учун ҳакамдан айбни қидиршни тўхтатайлик, уйдаги ўйинларда ҳакамлар бизга анча ёрдам берди, мисол учун Эрон билан ўйинда пенальти бекор қилинган эди”, дейди футболчи.

Элдор Шомуродов Шимолий Кореяга қарши ўйинни ўтказиб юборади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Римнинг "Рома" клуби аъзоси Элдор Шомуродов 19 ноябрь куни Жаҳон чемпионати саралаши 6-тури доирасида КХДРга қарши ўйинда майдонга туша олмайди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Қатар билан баҳсда жароҳат олиб, 21-дақиқада захирага олинган Шомуродовнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқди ва у тахминан 1 ойга сафдан чиқди.

Шунингдек, терма жамоанинг яна бир етакчи футболчиларидан бири Отабек Шукуров ҳам Қатар билан ўйинда ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. Ҳозирда унинг ҳам бўлажак ўйинда иштирок этиши сўроқ остида.

Ўзбекистон терма жамоасининг 23 ёшли футболчиси Остон Ўрунов ҳам жароҳати боис Шимолий Корея билан баҳсда майдонга тушмаслиги мумкин.
Шукуров ҳам КХДР билан ўйинни ўтказиб юборади

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Отабек Шукуров 19 ноябрь куни Шимолий Кореяга қарши ўйинда жамоадошларига ёрдам бера олмайди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

28 ёшли футболчи Қатар билан ўйиннинг биринчи бўлимида жароҳат олди, бироқ оғриқ билан бўлса ҳам баҳсни давом эттирди. Ҳозирча футболчининг қанча муддатда сафга қайтиши номаълум.

Шунингдек, терма жамоа ҳужумчиларидан бири Остон Ўрунов гарчи ўйинлар қайдномасига киритилган бўлса ҳам, КХДР билан баҳсда майдонга тушиши сўроқ остида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг