Олимлар тартибсиз овқатланишнинг кутилмаган хавфидан огоҳлантирди
Саломатлик
−
26 Май 1693 2 дақиқа
Сеулдаги Муқаддас Мария университети шифохонаси олимлари асосий овқатланиш вақтини тез-тез ўтказиб юборадиган одамларда депрессия белгилари кўпроқ кузатилишини аниқлади. Шу билан бирга, хилма-хил рацион (таомнома) бу боғлиқликни қисман заифлаштириши мумкин. Ушбу тадқиқот иши “Journal of Affective Disorders” (JAD) журналида эълон қилинди.
Тадқиқотчилар 2014–2022 йилларда Корея миллий саломатлик ва овқатланишни ўрганиш тадқиқоти доирасида тўпланган 21 568 нафар вояга етган иштирокчиларнинг маълумотларини таҳлил қилган. Олимлар одамларнинг қанчалик тез-тез нонушта, тушлик ва кечки овқатни тановул қилишини, шунингдек, уларнинг рациони хилма-хиллигини ва депрессия белгиларининг намоён бўлиш даражасини баҳолаган.
Агар инсон асосий овқатланиш вақтидан бирини ҳафтасига беш мартадан камроқ бажарса, бундай овқатланиш тартибсиз деб ҳисобланади. Бундан ташқари, тадқиқотчилар овқатланишнинг хилма-хиллик кўрсаткичини ҳам ҳисоблаб чиққан: бунда олтита гуруҳга мансуб маҳсулотлар – донли маҳсулотлар, сабзавотлар, мевалар, гўшт, дуккаклилар ва ёнғоқлар, шунингдек, сут маҳсулотларининг истеъмол қилиниши ҳисобга олинган.
Аниқланишича, овқатланиш тартиби энг кўп бузилган одамларда мунтазам овқатланадиганларга қараганда депрессия белгилари пайдо бўлиш эҳтимоли 1,55 баравар юқори бўлган. Овқатланиш жадвали қанчалик тартибсиз бўлса, кайфият ёмонлашиши хавфи шунчалик юқори бўлиб чиққан.
Бу боғлиқлик айниқса бир хил рационга эга одамларда яққол намоён бўлган. Бунинг акси ўлароқ, хилма-хил овқатланиш таомни ўтказиб юборишнинг салбий таъсирини қисман юмшатган. Муаллифларнинг фикрича, бу организмга витаминлар ва яллиғланишга қарши моддаларнинг кўпроқ кириши ҳамда ичакнинг соғлом микрофлораси сақланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар нонушта масаласини алоҳида ажратиб кўрсатган. Эрталабки таомни мунтазам равишда ўтказиб юборадиган одамларда тартибсиз овқатланиш ва депрессия симптомлари ўртасидаги алоқа янада кучайган. Руҳий ҳолатнинг энг ёмон кўрсаткичлари бир вақтнинг ўзида ҳам нонуштани ўтказиб юборадиган, ҳам бир хил рационга эга бўлган иштирокчиларда кузатилган.
Мақола муаллифларининг билдиришича, нонушта тунги очлик давридан кейин организмдаги моддалар алмашинуви (метаболизм) жараёнларини ишга туширади. Уни ўтказиб юбориш қондаги шакар миқдорининг тебранишига олиб келиши ва ҳис-туйғулар ҳамда когнитив функцияларга таъсир қилувчи эрталабки гормонал ритмларни бузиши мумкин.
Шу билан бирга, ушбу тадқиқот сабаб-оқибат алоқасини тўлиқ исботламайди. Бунинг тескари баёноти ҳам мавжуд бўлиши мумкин: депрессияга чалинган одамлар кўпинча иштаҳасини йўқотади, уларда мотивация пасаяди ва шу сабабли овқатланиш вақтларини тез-тез ўтказиб юборади. Бундан ташқари, муаллифлар кайфиятга таъсир қилувчи уйқу сифати ва стресс даражасини ҳисобга олмаган.
Шунга қарамай, тадқиқотчилар нафақат овқатнинг таркиби, балки овқатланиш режими ҳам руҳий саломатликни сақлашда муҳим рол ўйнаши мумкин деб ҳисоблайди.
Live
Барчаси