Олимлар лимон шаклидаги сайёрани кашф этди
Олам
−
21 Декабрь 3764 2 дақиқа
Олимлар шакли лимонга ўхшаш жуда ноодатий экзосайёрани аниқлади. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
PSR J2322–2650b деб номланган ушбу газ гиганти James Webb космик телескопи ёрдамида топилган бўлиб, у илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган.
Сайёра ҳажми жиҳатидан Юпитерга яқин, аммо унинг физик хусусиятлари ҳозиргача кузатилган барча сайёралардан кескин фарқ қилади. Жуда кучли гравитация таъсири остида у чўзилиб, лимонга ўхшаш шаклга келган. Олимлар бу деформация сайёра айланиб юрган юлдузнинг кучли тортиш кучи сабаб юзага келганини айтмоқда.
PSR J2322–2650b одатий юлдуз атрофида эмас, балки пульсар – нейтрон юлдуз атрофида айланади. Бундай юлдузларнинг массаси Қуёшникига тенг бўлса-да, катта шаҳар ҳажмигача сиқилган бўлади. Сайёра Ер сайёрасидан тахминан 750 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ва пульсарга жуда яқин – атиги 1,6 миллион километр масофада.
Шу сабабли у доимий равишда кучли нурланиш, жумладан гамма нурлари таъсирида қолади. Сайёра пульсар атрофида бор-йўғи 7,8 соатда бир марта айланиб чиқади.
Олимларни энг кўп ҳайратга солган жиҳат – сайёранинг атмосфера таркиби. Тадқиқотлар унда молекуляр углерод мавжудлигини, аммо сув, метан ва карбонат ангидрид деярли йўқлигини кўрсатган. Чикаго университети олими Майкл Чжаннинг айтишича, бундай атмосфера тури илгари ҳеч қайси экзосайёрада кузатилмаган.
PSR J2322–2650b ҳозирча нейтрон юлдуз атрофида айланадиган ягона газ гиганти ҳисобланади. Одатда бундай юлдузлар яқин объектларни ё парчалаб юборади, ё кучли нурланиш билан буғлантиради.
Сайёранинг келиб чиқиши ҳануз номаълум. Олимлар фикрича, у на оддий сайёра сифатида, на юлдуз парчаланиши натижасида ҳосил бўлиши мумкин. Мавжуд назариялар бундай даражадаги углеродга бой таркибни тушунтириб бера олмаяпти.
Илмий тахминлардан бирига кўра, сайёра ичида совиш жараёнида углерод ва кислород кристаллашиб, кейинчалик тоза углерод кристаллари юқори қатламларга кўтарилиб, гелий билан аралашган бўлиши мумкин. Аммо бу фараз азот ва кислороднинг йўқлигини изоҳлаб бермайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ерга ўхшаш сайёралар коинотда илгари ўйланганидан анча кўп учраши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси