Олимлар илк бор ген орқали ҳаётни узайтиришга эришди
Саломатлик
−
12 Май 4004 2 дақиқа
Рочестер университети олимлари яланғоч ерқазирнинг (яланғоч мол-каламуш) қаришдан ҳимоя қилувчи генетик механизмларини бошқа жониворларга қисман кўчиришга муваффақ бўлди. Тадқиқот натижалари “Nature” журналида чоп этилди.
Тадқиқот давомида олимлар сичқонларга гиалурон кислотасининг махсус шаклини ишлаб чиқариш билан боғлиқ генни жойлаштирган. Натижада тажрибадаги сичқонлар узоқроқ яшаган ва саратонга камроқ чалинган.
Яланғоч ерқазирлар қариш жараёнини ўрганувчи олимлар диққат марказидаги жониворлардан ҳисобланади. Улар кичик кемирувчи бўлишига қарамай, 41 йилгача яшай олади, бу оддий сичқонларга нисбатан қарийб ўн баробар кўп. Шунингдек, уларда саратон, юрак-қон томир касалликлари ва нейродегенератив хасталиклар жуда кам учрайди.
Вера Горбунова ва Андрей Селуанов бошчилигидаги илмий гуруҳ юқори молекуляр гиалурон кислотаси деб аталадиган моддага эътибор қаратган. Бу модда яланғоч ерқазирларда одам ва сичқонларга нисбатан тахминан ўн баробар кўп бўлади.
Аввалги тадқиқотларда олимлар ушбу гиалурон кислотаси ҳужайралардан олиб ташланганда, ерқазирларда ўсма пайдо бўлиш хавфи ошишини аниқлаган эди. Шу сабабли тадқиқотчилар бу ҳимоя механизмини бошқа жониворларга ҳам ўтказиш мумкинми-йўқми, шуни текширишга қарор қилган.
Тажриба учун сичқонларга яланғоч ерқазирларга хос бўлган гиалуронансинтаза-2 гени жойлаштирилди. Бу ген юқори молекуляр гиалурон кислотаси синтези учун жавоб беради.
Генетик ўзгаришдан кейин сичқонлар тўқималарида гиалурон кислотаси миқдори ошган. Улар ҳам табиий ўсмаларга, ҳам сунъий чақирилган тери саратонига нисбатан чидамлироқ бўлган. Шунингдек, қариш билан боғлиқ яллиғланиш камайган, ичаклар ҳолати яхшироқ сақланган ва ўртача умр давомийлиги тахминан 4,4 фоизга узайган.
Олимлар фикрича, айниқса сурункали яллиғланишнинг камайиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу қаришнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифлари бу натижа узоқ умр кўрувчи сутэмизувчиларда эволюцион шаклланган механизмларни бошқа турларга кўчириш мумкинлигини кўрсатишини таъкидлади.
Ҳозир олимлар ушбу ёндашувни инсонларда қўллаш имкониятларини ўрганмоқда. Андрей Селуановнинг айтишича, ҳозирда организмда гиалурон кислотаси парчаланишини секинлаштирувчи молекулалар синовдан ўтказилмоқда.
Тадқиқотчилар яланғоч ерқазирларнинг узоқ яшаши фақат гиалурон кислотаси билан эмас, балки ДНКни яхшироқ тиклаш, яллиғланишни назорат қилиш ва тўқималарнинг шикастланишга чидамлилиги каби бир нечта ҳимоя механизмлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этди.
Live
Барчаси