Олимлар энг яқин экзосайёранинг яшашга яроқлилигини тасдиқлади
Бу қизиқ
−
08 Февраль
11321Халқаро олимлар гуруҳи HD 20794 d экзосайёрасининг кашф этилганини ва унинг яшашга яроқли бўлиш эҳтимолини тасдиқлади. Ушбу суперер синфига мансуб сайёра биздан 20 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, ўз юлдузининг яшаш зонасида ҳаракатланади. Бу ҳақда тадқиқот “Astronomy & Astrophysics” илмий журналида эълон қилинган.
Янги сайёранинг аниқланиши Чилида жойлашган HARPS ва ESPRESSO спектрографлари орқали олиб борилган 20 йилдан ортиқ кузатувлар натижасида амалга оширилган. Астрономлар илк бор 2022 йилда архив маълумотларини таҳлил қилиш жараёнида ушбу сайёра сигналини қайд этган. Бироқ сигналнинг заифлиги сабабли хатоликларни истисно қилиш ва тасдиқлаш учун узоқ муддатли ва батафсил таҳлиллар талаб қилинган.
HD 20794 d эллипс шаклидаги орбитага эга бўлиб, йил давомида юлдузига бўлган масофаси сезиларли даражада ўзгариб туради. Бу эса уни илмий тадқиқотлар учун ноёб объектга айлантиради. Ҳозирча у ерда ҳаёт мавжудлигини аниқ айтиш қийин. Бироқ сайёранинг Ерга яқинлиги келажакдаги тадқиқотлар учун истиқболли мақсад бўлиб, Катта Телескоп ва LIFE лойиҳаси каби миссиялар экзосайёралар атмосферасида ҳаёт белгилари – биосигнатураларнинг изланишига йўналтирилади.
“Бу кашфиёт биз учун улкан қувонч ва енгиллик, чунки сигнал деярли аниқланмас даражада эди”, дейди Оксфорд университети олими доктор Майкл Кретине.
Айнан у 2022 йилда HD 20794 дни биринчи бўлиб пайқаган.
Олимлар келажакдаги тадқиқотлар ушбу ғаройиб сайёранинг сирларини очишга ёрдам беришига умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ астрономлар 3,3 миллион ёруғлик йили узоқлигида бўлган янги космик объект – улкан радио-галактикани аниқлаган эди. Радио-галактикалар – космик объектлар бўлиб, уларнинг марказида жойлашган улкан қора туйнуклар миллионлаб ёруғлик йилларига чўзилувчи иссиқ плазма оқимларини чиқаради. Бу оқимлар радиочастоталарда кузатилади. Аммо Inkathazo бошқа шундай галактикалардан ажралиб туради: унинг оқимларидан бири тик ёйилиш ўрнига эгилган шаклга эга. Бунинг устига, у галактикалар тўдасининг марказида жойлашган бўлиб, у ердаги газ бундай йирик структуралар шаклланишига қаршилик кўрсатиши керак бўлади.
LiveБарчаси