Оқ уй Путиннинг Байденга йўллаган жиддий таклифига жавоб қайтарди
Олам
−
19 Март 2021
19445АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 19 март куни Россия Президенти Владимир Путин билан жонли эфирда мулоқот қила олмайди. Шунингдек, Байден Путинни қотил деб ҳисоблаши ҳақидаги саволга берган жавобидан ҳам афсусда эмас ва на сўзда, на амалда ўзини тийиб туриш нияти йўқ. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
Псаки Жо Байден бугун етарлича банд бўлишини ва Владимир Путин билан гаплаша олмаслигини айтган. У Байден Путиннинг таклифини қабул қилиб, бошқа кун гаплашишга рози бўлса, эълон қилишини таъкидлаган. Шу билан бирга Оқ уй вакили икки давлат раҳбари бунгача мулоқот ўтказганини, Америка раҳбари гаплашмаган бошқа президентлар ҳам борлигини қўшимча қилган.
Псаки журналистнинг Байден Путинни “қотил” дегани учун афсусланадими деган саволига: “Йўқ. Бу тўғри жавоб эди”, дея изоҳлаган. Оқ уй вакили Байден ўзини қизиқтирган масалаларда “на сўзда, на амалда тийилмаслигини” қўшимча қилган.
Аввалроқ, Байден ABC News телеканалига берган интервьюсида Россия АҚШдаги сайловларга аралашишга урингани учун Путин жавоб бериши кераклигини айтганди. Кейин эса журналистнинг “Сиз Путинни қотил деб ўйлайсизми?”, деган саволига у қуйидагича жавоб қайтарди: “ҳа, ўйлайман”.
Путиннинг ўзи Байденнинг сўзларига муносабат билдириб, унга соғлик тилади. Кейинроқ эса Россия Президенти Байденга жонли эфирда мулоқот қилишни таклиф қилди.
LiveБарчаси