ОИВ билан касалланган аёлда коронавируснинг 21 та мутацияси аниқланди
Саломатлик
−
31 Январь 2022
10613Орттирилган иммунитет вируси (ОИВ) билан касалланган жанубий африкалик аёлда 21 та коронавирус мутацияси аниқланди. Олимларнинг фикрича, бемор "дельта" штамми билан касалланган. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Жанубий африкалик олимлар томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 22 ёшли аёл ОИВ инфекциясига қарши даволанишни тўхтатиб қўйгани учун COVID-19 билан касалланган. Унинг танасида 9 ой бўлган коронавирус 21 та мутацияга учраган. Аммо бемор ОИВга қарши дори-дармонларни қайта қабул қила бошлагач, унинг иммун тизими 9 ҳафта ичида мустаҳкамланиб, коронавирусни енгган. Олимларнинг фикрича, ёш аёл "дельта" штамми билан касалланган.
“ОИВ инфекциясини даволаш учун дори-дармонларни қабул қилмайдиган, ОИВ билан касалланган беморда коронавируснинг мутацияси COVID-19 нинг янги вариантлари пайдо бўлиши учун потенциал йўлдир”, дейилади тадқиқотда.
2021 йил январь ойида қизнинг коронавирус учун топширган тести ижобий чиққан. Сентябрь ойида у Кейптаундаги шифохонага ётқизилган, у ерда ҳам COVID тасдиқланган. Тадқиқотлар бу қайта инфекция эмас, балки камида тўққиз ой давом этган инфекция эканини кўрсатган. Салбий тест натижаси фақат ноябрь ойининг охирида олинган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг январь ойидан буён аёлда ОИВ инфекциясини даволаш режимига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Шифохонага ётқизилганидан кейин терапия қайта тикланган.
“Антиретровирус терапияси ОИВни бостирди ва SARS-CoV-2 ни олти-тўққиз ҳафта ичида тозалади”, дейилади тадқиқотда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Жанубий Африка ОИВ билан касалланганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Айни пайтда 59,6 миллион аҳолига эга мамлакатда 7,7 миллион киши ОИТС билан касалланган. 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ёш гуруҳида бу кўрсаткич 18,7 фоизни ташкил қилади.
LiveБарчаси