Одамлар қонуннинг кучига ишонмайди – Каниза (видео)

Маданият-санъат

image

Ижтимоий тармоқларда хонанда Канизанинг президент чиқарган айрим қарорлар кучга кирмагани, уни баъзи масъул ходимлар назарга илмаётгани ҳақида гапирган видеоси тарқалди. Унда Каниза Президент қарорининг шахсни ҳақорат қилганлик учун жазо қисми (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 140-моддаси) ишламаётганини айтган. 

Гап шундаки, Instagram фойдаланувчиларидан бири хонандани доимий равишда ҳақорат қилиб келган. Каниза эса унинг устидан Яккасарой туман ички ишлар бўлими бошлиғига нақ уч маротаба арз қилган. Бироқ масъул шахс томонидан бу ҳолатга чора кўрилмаган. 

“У одамнинг вилоятдан етиб келишга пули йўқ экан, менинг ҳам бориб, олиб келишга бензин учун пулим йўқ. Истасангиз, манзилини бераман. Ўзингиз бориб, олиб келиб беринг, деб устимдан кулди. Қани, бирон марта расмий қоғоз жўнатиб, “сен чақиртириляпсан”, деган нарсалар қилингани йўқ”, деган хонанда.

Канизанинг Севара исмли маъмури берган маълумотларга кўра, айбланувчи шахс Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси.

“Нима учун халқ орасида “сомасуд” ҳолатлари кўпайяпти? Чунки улар қонуннинг кучига ишонмайди. Улар ўз ҳақини бориб, ўзлари талаб қилиб олади. Буёқда қонунлар шунчаки чиқарилади, лекин ишламайди. Нима учун бу қонунлар чиқарилади? Фуқаролар учунми? Нима учун кучга кирмайди? Ҳатто “Ўзбекконцерт” бошлиғи бир марта сизни ҳақорат қилишса, бизга келинг, сизни ҳимоя қилиб берамиз, деган эди. Мурожаат қилгандим, садо ҳам чиқмади. Агар ўша масъул ходимлар масхарабозлик қилмасдан, ҳирингламасдан, президентимиз чиқарган қарорларга жиддийроқ қараса, халқнинг орасида қонунга бўлган ишонч кўпаярмиди, “самосуд”лар камаярмиди, демократия кучярмиди!” деган Каниза видеода. 

Маъмурнинг сўзларига кўра, ушбу мурожаатдан сўнг, иш кўриб чиқила бошланган ва судга оширилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 140-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга сабаб бўлади.

Севара Ҳусниддинова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг