Одам ўғирлаш, рэкет масалалари энг катта муаммоларимиздан бири эди – Зокиржон Алматов

Жамият

image

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, дастлабки йиллар жуда оғир ўтган. Ушбу даврда ички ишлар идораларига ишончсизлик ва қўрқув мамлакатда жиноятчилик кенг илдиз отиб кетишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “30 йил – Ватан осойишталиги йўлида” номли фильмда сўзлаб берган.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ички ишлар тизимида вазир маслаҳатчиси ҳисобланган Зокиржон Алматов 1991–2006 йилларда ушбу тизимга раҳбарлик қилган ва 90-йиллардаги муаммоларнинг бевосита гувоҳи бўлган.  

“Мустақилликнинг илк йилларида жуда оғир вазиятларга тушган пайтларимизни ҳам эслаймиз. Ана шундай оғир вазиятлардан қандай қилиб чиққанимизни ҳам эслатиб ўтмоқчиман. 

Ўша пайтлар халқимизнинг суд-ҳуқуқ тизимига, ички ишлар идораларига ишончсизлиги, қўрқув мамлакатимизда жиноятчилик кенг илдиз отиб кетишига сабаб бўлди. Уюшган жиноятчилик авжига чиқди. Бир кунда 40-50 тагача босқинчилик, талончилик ҳолатлари бўлган. Одам ўғирлаш, рэкет масалалари энг катта муаммоларимиздан бири эди. Ички ишлар идораларига ҳам ишончсизлик жуда юқори бўлган”, дейди Зокиржон Алматов. 

Таъкидланишича, маълум бир тайёргарликдан кейин 1992 йил I чорагининг ўзида уюшган жиноятчиликка қарши қақшатқич зарбалар берилган. Рэкет деган нарсалар тугатилган. Жиноят оламининг обрўли шахслари жавобгарликка тортилган. Ушбу қинғир йўлдан қайтганларга амнистия эълон қилиниб, уларга ишлаш, яшаши учун шарт-шароитлар яратиб берилган.

Ички ишлар вазири маслаҳатчисининг таъкидлашича, мустақилликнинг илк йилларида юқорида қайд этилган муаммолардан ташқари озиқ-овқат етишмовчилиги ҳам келиб чиққан. 

“Шу билан биргаликда озиқ-овқат танқислиги юзага кела бошлади. Мустақиллигимизнинг илк йилларида 10 кунга етар-етмас озиқ-овқат, яъни ун, буғдой қолганди. Чет давлатлардан зудлик билан буғдой ва ун маҳсулотларини олиб келиб, мамлакатимиз захираларини тўлдиришга ҳаракат қилганмиз. Ана шу вазифани сидқидилдан бажардик, деб ишонч билан айтсам бўлади.

70 йил мобайнида совет иттифоқининг таркибида бўлиб, Аллоҳни қалбимиздан чиқаришга бўлган хатти-ҳаракатлар бекор эканини англаб етдик. Аллоҳга бўлган эътиқод халқимизнинг қалбида жуда чуқур илдиз отганининг шунда гувоҳи бўлганман”, дейди Алматов.  


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

516

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made