ОЧЛ Ўзбекистонда жонли кўрсатилмайди – спорт дайжести

Спорт

Кексаликни тан олмайдиган Чусовитина яна олтин медалга эга чиқди, ваниҳоят Шоҳжаҳон Эргашевнинг чемпионлик жанги қачон ўтказилиши маълум бўлди, АҚШ ва Мексикага қарши ўйнайдиган Ўзбекистон терма жамоасида муаммоли ҳолат юзага келди. Ўзбекистонда Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларининг трансляция қилиниши ҳамон сўроқ остида қолмоқда. “El Capitano” собиқ клубига қайтди. Ассалому алайкум. Ортда қолаётган ҳафтанинг энг муҳим спорт хабарлари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Чусовитина яна ғолиб

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Туркиянинг Мерсин шаҳрида бўлиб ўтган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон челленж кубоги сериясига кирувчи мусобақада олтин медални қўлга киритди

3 сентябрь куни Ўзбекистон вакиласи 48 ёшли Оксана Чусовитина 13,067 балл тўплаган ҳолда маҳаллий спортчилар Бенгиси Йилдиз (12,950) ва Чорен Бинер (12,950)ларни ортда қолдириб, олтин медалга эга чиқди.

Шунингдек, ўша куни эркаклар ўртасидаги таяниб сакраш дастурида ўзбекистонлик спортчи Абдулазиз Мирвалиев 14,475 балл билан кумуш медални қўлга киритди. Биринчи ва учинчи ўринлар украиналик Назар Чепурний (14.900) ҳамда Игор Радивилов (14.450)larga насиб қилди.

Оксана Чусовитина ҳақида икки оғиз: Спортчи 1975 йилда Бухорода туғилган. У 8 та Олимпиадада қатнашган ер юзидаги ягона спортчи ҳисобланади. Бугунги кунда Чусовитина ўзининг қизи тенги спортчилар билан халқаро ареналарда баҳс олиб бориб, ёш спортчиларга ҳали жуда кўп маҳорат дарсларини кўрсатиб бера олишини исботлаб келмоқда. Олдиндаги Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпиадасида ҳам Чусовитинанинг чиқишларини кўрсак ажаб эмас.

Ўзбекистон МТЖ кутилмаган муаммога дуч келди.

ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Америка Қўшма Штатлари ва Мексика билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Айни мақсадда 7 сентябрь куни ўзбекистонликлар АҚШнинг Сент-Луис шаҳрига етиб борди. Бироқ жамоа аъзоларининг 10 дан ортиқ багажи номаълум сабабга кўра қолган юклар қаторидан топилмаган.

Йўқолган багаж орасида баъзи футболчиларнинг экипировка ва бутсалари ҳам бор. Ҳолатдан келиб чиқиб манзилгача етиб келмаган багажларни тезроқ Сент-Луис шаҳрига етказиш бўйича зарур ишлар олиб борилган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда 10 сентябрида Тошкент вақти билан 03:30 да старт оладиган ўртоқлик ўйинига тайёргарлик жараёнларини бошлаб юборган.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳсни гондураслик Нельсон Сальгадо бошқариб боради. Шунингдек, Сречко Катанец қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 13 сентябрь куни таркибида Гильермо Очоа, Рауль Хименес, Эктор Эррера ва Эдсон Алварес каби таниқли футболчилари бўлган Мексика термаси билан ҳам ўзаро баҳс олиб боради.  Ўзбекистон миллий терма жамоаси октябрь ойида Хитой ва Ветнамга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Ўзбек телеканаллари ОЧЛни кўрсатмайди

Футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигасининг 2023/2024 йилги мавсум учун трансляциясини ҳали ҳеч қайси бир ўзбек телеканали сотиб олгани йўқ. Мусобақанинг навбатдаги мавсумига қизиқиш ҳар қачонгиданда юқори, чунки жаҳон футболи юлдузлари Криштиану Роналду, Неймар, Бензема ва бошқа бир қатор машҳуф футболчилар мусобақада иштирок этади. Боз устига бу йилги баҳсларда 4 та ўзбек клуби иштирок этади.

Ўтган йили ОЧЛни трансляция қилган “УзРепорт” телеканали эса бу йилги ўйинларни намойиш этмаслигини маълум қилди. Миллий телерадиокомпания эса ҳамон сукут сақламоқда.

Қайд этилишича, Туркиянинг “Саран” компанияси Чемпионлар лигаси ўйинларини Осиё мамлакатларида трансляция қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни сотиб олган ва компания трансляция ҳуқуқларини Осиё мамлакатларига пулламоқчи, жумладан Ўзбекистонга ҳам, бироқ трансляция ҳуқуқлари учун сўраётган сумма деярли 1 миллион АҚШ доллари атрофида.

Маълум бўлишича, “Саран” трансляция учун талаб қилаётган техника Ўзбекистонда йўқ. Мабодо ўзбек телеканаллари трансляция ҳуқуқини сотиб олган тақдирда ҳам ОЧЛ ўйинларини трансляция қилмоқчи бўлса, техникани “Саран”дан ижарага олиши керак.

Демак, катта эҳтимол билан ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ОЧЛ ўйинларини интернет орқали хорижий давлатлар телеканалларида ёки, турли хил телеграм каналларда томоша қилади.

Ниҳоят Эргашевнинг жанги санаси аниқ бўлди

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашевнинг IBF камари учун пуэрто-риколик Сабриэль Матиасга қарши жанги 4 ноябрь куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Охирги жангини 2022 йил август ойида Мексика вакили Анхел Мартинесга қарши ўтказган Эргашев ҳозирда Америкада бўлажак жангига тайёргарлик кўрмоқда.

“Шартномани имзоладим. Барча масалалар ҳал бўлди. Машғулотлар аъло даражада давом этмоқда. Оёғимда жароҳат бор эди, ҳозир эса оғриқлар камайган”, дейди Эргашев.

Эргашев-Матиас жангининг промоутерлик савдосида TGB promotions ғолиб бўлганди. Бўлажак жангдан Матиас 357 минг АҚШ доллар, Ўзбекистон вакили эса 153 минг АҚШ доллар даромад қилади.

Ниҳоят Эргашев чемпионлик камари учун жанг қилади. Шу вақтга қадар у профбоксда 23 та жанг ўтказиб барчасида ғалаба қозонган. -63,5 кгда ҳали ҳеч бир ўзбек боксчиси IBF камарига эга чиқмаган. Эргашевда ана шундай имконият юзага келди. У тарихий натижани қайд этиши мумкин, бунинг учун эса боксчи 4 ноябрь куни Матиас тўсиғидан ўтиши керак.

Ўзбекистонлик футболчи фаолиятини БААда давом эттиради

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва ОКМК клуби ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев Бирлашган Араб Амирликларининг “Хорфаккан” клубига трансфер қилинди.

“Жамоамиз ўз тарихида илк бор хориж клубига ўз футболчисини трансфер қилди. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг ОКМК ва “Хорфаккан” футбол клублари ўртасида, шунингдек футболчининг розилиги асосида трансфер шартномаси имзоланиб, Абдулла Абдуллаев БАА клубига кўчиб ўтди.

Абдуллаевга жамоамиз муваффақиятларига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, унинг кейинги фаолиятига омад ва зафарлар тилаймиз!” дейилади хабарда.

Тошкент вилояти клуби трансфер шартларини очиқламаган, бироқ мазкур хабар фонида Абдуллаевнинг “Transfermarkt” порталидаги маълумотлари ўзгартирилди. Унда футболчининг янги жамоаси асосий фонга чиққан, аммо шартнома муддати ва трансфер қийматига ойдинлик киритилмаган. 

ОАВга кўра, БАА клуби футболчи учун 200 минг доллар тўлаган, бу эса ҳимоячининг “Transfermarkt”даги нархидан анча кам. Абдулла Абдуллаевнинг порталда белгиланган тахминий нархи 641 минг АҚШ долларни ташкил қилади.

Рамос собиқ клубига қайтди

Испаниялик 37 ёшли ҳимоячи Серхио Рамос “Севилья” футболчисига айланди.

“Реал Мадрид” ва ПСЖ клубларининг собиқ футолчиси 4 сентябрь куни “Севилья” клуби билан шартнома имзолади. У жамоага эркин агент сифатида кўчиб ўтди. Рамос айнан “Севилья” тарбияланувчиси ҳисобланади ва у жамоани 2005 йилда тарк этиб, “қироллик клуби”га бориб қўшилганди.

Рамос Испания терма жамоаси сафида анча муваффақиятли фаолият олиб борган. Ҳимоячи терма жамоа сафида бир марта Жаҳон чемпиони ва икки карра Европа чемпионлигини қўлга киритган.

“Севилья” раҳбарияти Рамос билан ҳимоячи Саудия арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби билан келишувга эришганидан сўнг боғланган ва уни ўзи томонга оғдириб олган.

37 ёшли футболчи шу йилнинг ёзида Франциянинг ПСЖ клубидан кетганидан кейин эркин агент мақомида эди. Ҳимоячига Туркиянинг “Галатасарой” ва “Бешиктош” жамоалари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, бироқ “El Capitano” якунда жонажон клубига қайтиш вариантини танлади. Дунё футболи юлдузлари Саудияга йўл олаётган бир пайтда, Рамос пулни эмас футболни танлади. У Роналду ва Месси эрасининг ёрқин вакилларидан бири сифатида Европада қолган камсонли футболчилардан бири бўлди. Энди футбол мухлисларида Ла Лига ўйинлари кўриш учун яхшигина сабаб бор.

Панамада футболчи отишмада ҳалок бўлди

Футбол бўйича Панама терма жамоаси ҳимоячиси Жилберто Эрнандес жорий йилнинг 3 сентябрь куни Колон шаҳрида юз берган отишма оқибатида вафот этди.

Полиция маълумотларига кўра, икки нафар қуролланган шахс такси ичидан туриб, одамларга қарата ўт очган, бу вақтда Эрнандес дўстлари билан Колон марказидаги кўчада кетаётган бўлган. Ҳужум оқибатида футболчидан ташқари яна етти киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. 

4 сентябрь куни эълон қилинган баёнотда, маҳаллий полиция мазкур жиноятда гумон қилинган шахслар ушланганини расман эълон қилган. Бироқ отишмада Эрнандес асосий нишон бўлгани ёки йўқлиги ҳақидаги тафсилотлар очиқланмаган. 

Жилберто Эрнандес “Атлетико Индепенденте” клуби футболчиси бўлиб, у жорий йилнинг март ойида Панама терма жамоасида дебют қилганди. Футболчи бахтсиз ҳодисага қадар жамоа сафида иккита халқаро ўйинда майдонга тушган. Унинг клубдаги сўнгги ўйини 23 август куни, Марказий Америка кубоги доирасида “Реал Эстели”га қарши кечган. Мазкур учрашувда Жилбертонинг жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг