Nvidia Марказий Осиёда $10 миллиардлик “водий” қуради
Олам
−
17 Июнь 6534 4 дақиқа
Жорий йилнинг 15 июнь куни Қозоғистон АҚШнинг Firebird стартапи ва Nvidia корпорацияси иштирокида йирик маълумотларни қайта ишлаш маркази қуриш бўйича келишувларни имзолади. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Лойиҳа мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Экибастуз шаҳрида “Дата-марказлар водийси”ни барпо этишни назарда тутади. Биринчи босқич қиймати 5 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, унинг 1 миллиард доллари давлатга қарашли “Қозоғистонтелеком” томонидан молиялаштирилади. Қуввати 125 мегаватт бўлган объектни тижорий ишга тушириш 2027 йилга режалаштирилган.
15 июнь куни Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Nvidia вице-президенти Рев Лебаредян ҳамда Firebird ҳаммуассислари – бош директор Размик Овакимян ва Александр Есаян билан учрашув ўтказган. Учрашувда, шунингдек, Бош вазир ўринбосари ва сунъий интеллект ҳамда рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев, “Қозоғтелеком” бошқаруви раиси Бағдод Мусин ҳамда АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жули Стаффт иштирок этган.
Томонлар миллий сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш, юқори унумли ҳисоблаш қувватларини яратиш, замонавий дата-марказларни жойлаштириш ва халқаро технологик ҳамкорларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилган.
Олжас Бектенов сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш Қозоғистоннинг асосий устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.
“Ҳозирда амалга оширилаётган муҳим рақамли лойиҳалардан бири – Экибастуз шаҳридаги “Дата-марказлар водийси”дир. Бизнинг мақсадимиз глобал рақамли инфратузилмани жойлаштириш учун майдон яратишдан иборат. Firebird ва Nvidia билан эришилган келишувларни юқори баҳолаймиз”, деган у.
Учрашувда лойиҳанинг асосий афзалликлари сифатида катта ер майдони захираси, инвесторлар учун имтиёзлар ва электр энергиясининг рақобатбардош нархлари қайд этилган. Шунингдек, лойиҳанинг кенгайтириш имконияти юқори экани таъкидланган. Айни пайтда мавжуд 300 мегаватт қувватни босқичма-босқич 1 гигаваттгача ошириш режалаштирилган.
Firebird бош директори Размик Овакимян Қозоғистон рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга эканини таъкидлаган.
“Лойиҳанинг 2027 йилда ишга туширилиши Қозоғистонни дунёдаги етакчи ўн давлат қаторига олиб чиқади. Бизда кучли жамоа ва улкан имкониятлар бор. Қозоғистон ҳукумати, Nvidia ва АҚШдаги ҳамкорларимиз билан мамлакатнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз” деган Овакимян.
Қозоғистоннинг сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиевнинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида мамлакатда 100 мингта замонавий GPU чиплари асосида йирик ҳисоблаш кластери ташкил этилади. Улар орасида NVIDIA GB300 ва Vera Rubin авлодидаги чиплар ҳам бўлади.
Унинг сўзларига кўра, 10 миллиард долларлик инвестиция ҳар йили камида 3 миллиард доллар экспорт тушумини таъминлайди, янги иш ўринлари яратади, йирик технологик компанияларни жалб қилади ҳамда Қозоғистоннинг Евроосиёдаги муҳим рақамли хаб сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Учрашув якунида сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма соҳасида умумий қиймати 10 миллиард долларлик ҳамкорлик келишувлари имзоланган. Жумладан, Қозоғистоннинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Firebird ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, шунингдек, “КТ-Телеком” ва Firebird ўртасида “Дата-марказлар водийси”ни ривожлантириш бўйича асосий шартларни белгилайдиган битим тузилган.
Маълумот учун, Firebird сунъий интеллект инфратузилмаси, дата-марказлар ва юқори унумли ҳисоблаш тизимларини яратишга ихтисослашган АҚШ компанияси ҳисобланади. Компания дунёнинг турли минтақаларида лойиҳаларни амалга ошириб, Nvidia каби етакчи технологик ҳамкорлар билан ишлайди.
“Қозоғтелеком” раҳбари Бағдод Мусиннинг маълум қилишича, “Дата-марказлар водийси”нинг қурилиши тўлиқ Қозоғистон томонидан таъминланади. Firebird эса қиммат сервер ускуналарини етказиб бериш ва йирик халқаро IT-компанияларни жалб қилиш мажбуриятини олади.
Маълум қилинишича, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 109 мегаватт, иккинчи босқичда эса 136 мегаватт энергиядан фойдаланиш режалаштирилган. Яратиладиган IT-инфратузилма майдони бир нечта йирик стадионлар ҳажмига тенг бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Марказий Осиёда илк бор учар таксини синовдан ўтказган эди.
Live
Барчаси