Нурсултон нимадан норози?
Спорт
−
16 Январь
73682023 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Панкратион ва грепплинг ассоциацияси томонидан мамлакат чемпионати баҳслари ўтказилди. 28 декабрь куни ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевнинг мусобақа ташкилотчиларидан норози эканлигини акс эттирувчи видеолар тарқалди.
Маълум бўлишича, мусобақа финалида ҳакам томонидан Рўзибоевнинг шогирдига нисбатан адолатсиз қарор чиқарилган.
Финал жангида Рўзибоевнинг шогирди Азизбек Неъматов рақибининг жигарига зарба бериб, уни нокдаун ҳолатига тушириб қўйган. Бироқ ҳакамлар зарба спортчининг уриш мумкин бўлмаган аъзосига тегди деб ўйлаб, баҳсни давом эттиришга рухсат берган. Жанг охирида эса Азизбек Неъматов мағлубиятга учраган.
“Мусобақа раҳбарлари ва ҳакамлар эплай олсанглар турнирни жонли эфирда кўрсатинглар, йўқса бунақа мусобақа қилиб ўтирманглар. UFC'да ҳам жангчи нокдаун бўлганидан кейин ҳеч бўлмаса ўнгача санайди. Ғирромлик бўлаверса ёш жангчиларни спортдан кўнгли совийди. Ҳакамлар сал эркак бўлинглар. Панкратион ва грепплинг ассоциацияси раҳбарлари эпласанглар жонли эфир қилинглар. Шунча бола шу мусобақа учун тайёргарлик кўрган, бироқ икки “ахлат” ҳакамнинг адолатсиз қарори билан йиғлаб уйига қайтади ва бошқа спорт билан шуғуллангиси ҳам келмайди”, дейди Рўзибоев.
Қайд этилишича, Рўзибоевнинг шогирди ва унинг рақиби ўртасидаги финал жангини ёш ва ҳали унча катта тажрибага эга бўлмаган ҳакам бошқарган.
QALAMPIR.UZ ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида UFC жангчиси билан интервью ташкил қилди.
Рўзибоевга кўра, у шогирдига қилинган адолатсизлик юзасидан аппеляция берган, бироқ аппеляция бўйича ташкилотчилар томонидан жавоб қайтарилмаган.
Рўзибоев шогирдига қилинган ишдан норози эканлигини билдирди ва ёш спортчини MMA'дан кўнгли “совумаслиги” учун охиригача курашганини айтди.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ спортчининг келгуси режалари ва у билан боғлиқ айрим гап-сўзларга аниқлик киритди.
Қайд этиш жоиз, Рўзибоев ҳозирда Америкада бўлажак жангига тайёргарлик кўрмоқда. У навбатдаги жангини америкалик Седрик Дюмага қарши ўтказади.
Рўзибоев-Дюма жанги 30 март куни Американинг Атлантик-Сити шаҳри мезбонлик қиладиган UFC Fight Night турнири доирасида ўтказилади.
Маълумот учун, Нурсултон Рўзибоев ҳозиргача UFCʼда фақатгина 1 та жанг ўтказиб, рақибидан устун келган. 28 ёшли Дюма эса ташкилотда 3 марта октагонга кўтарилиб, 2 марта рақибларидан устун келган, 1 та жангда эса имкониятни бой берган.
LiveБарчаси