Нурхон Нафасов нега судланаверади? Токио Олимпиадасидан қуруқ қолган каратечилар раҳбари билан очиқ суҳбат

Интервью

Токио Олимпиадаси бошланишига саноқли кунлар қолди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси яқилашар экан ўзбек спортчиларининг қўлга киритган йўлланмалари ҳақида кўп ва хўп гапирилади, муҳокама қилинади. Бироқ карате спорт тури бўйича вакилларимизнинг ҳеч бири лицензияни қўлга кирита олмади. 

Жорий йилнинг 16 июнь куни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, Ўзбекистон карате миллий федерацияси президенти, Марказий Оиёда илк ва ягона 6-дан қора белбоғ соҳиби Нурхон Нафасовга навбатдаги суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. Демакки, соҳад камчилик ва муаммолар, ислоҳ қилиндиган қатламлар талайгина. Ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб, QALAMPIR.UZ Нурхон Нафасов билан суҳбатлашди. Унда суд натижаларининг хулосалари  ва соҳадаги муаммо ва камчиликлар хусусида сўз борди.  

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Нурхон Нафасов билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Талашиладиган креслонинг ўзи йўқ – Нурхон Нафасов

Қамариддин Шайхов, журналист: — Суҳбатимиз расмиятчиликдан йироқ бўлади, деб ўйлайман. 90-йиллар охири 2000 йиллар бошларида футболда Миржалол Қосимов, боксда Артур Григорян, каратеда эса, Нурхон Нафасов номи анча машҳур бўлган ва бу минглаб ёшларнинг спортга қизиқишини уйғотган. Ўшанда карате спорт тури билан шуғулланувчилар сони жуда кўп эди. Йиллар ўтиб каратенинг обрўси тушиб кетди. Куни кеча пайдо бўлган хабарлар, федерациядаги можаролар ва суд жараёнлари ҳам бунга янада туртки бўлди. Ўзбек каратеси атрофида нималар бўляпти? 

Нурхон Нафасов, Ўзбекистон карате миллий федерацияси президенти: — Авваламбор, таклиф учун раҳмат. Ҳозирда 2000 йилларда бўлгани каби 70 минглаб каратечилар мавжуд эмас, бор-йўғи 10 минг атрофида. Уни аввалги даражасига қайтаришга ҳаракат қиляпмиз. Маълум сабабларга кўра 2006 йилда федерация президентлигидан кетдим ва 12 йиллик танаффусдан сўнг яна қайтиб келдим…

Қ.Ш.: — Кетдингизми ё кетказилдингиз? 

Н.Н.: — Кетказилдим, десам тўғрироқ бўлади. Иш бор жойда тортишувлар бўлади. Қандайдир шахсларнинг буюртмалари туфайли ишдан кетдим. 

Қ.Ш.: — Бу муддат давомида нима билан шуғулландингиз?

Н.Н.: — Хусусий карате мактабида 12 йил давомида шогирдлар тайёрладим. Тижорий таклифлар бўлди, бироқ ҳеч қаерга кетмадим. 2018 йилда Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Карате федерациясининг аввалги мавқеини қайтариш таклифи билан чиқишди ва май ойида мени раҳбарлик лавозимига қайтаришди. Қўлимдан келганча уни бошқаришга ваъда бердим. 3 ой муддат ўтгач, аввалги раҳбарларнинг буюртмаси билан мени Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига таклиф қилишди. “Ҳурматли, Нафасов, ёки федерациясини қайтариб берасиз ёки устингиздан яна жиноий иш очилади”, дейишди. Кимга? Мендан аввал раҳбарлик қилган Аълам Муллаевга. 12 йил давомида кўплаб мураббийлар ва спортчилар кўчада қолди, мен уларга каратенинг аввалги мавқеини қайтаришга ваъда бериб қайтиб келганимни ва яна аввалгидек оммавий спорт турига айлантира олишимни айтдим. 26 сентябр куни, навбатдан ташқари конференция ўтказиб, мени ишдан бўшатишди.  Адлия вазирлигига, собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳамда Миллий олимпия қўмитасига мурожаат қилдим. Федерация нодавлат-нотижорат ташкилот бўлгани учун фақат суд орқали ҳал қила олишимни тушунтиришди. Судда ютиб чиққанимдан сўнг, прокуратура менга нисбатан жиноий иш очди.

Қ.Ш.: — Федерацияларга тайинлов ишлари бевосита МОҚ иштирокида амалга ошириладими?

Н.Н.: — Фуқаролик судида ютиб чиққанимдан сўнг вазирликка, Миллий олимпия қўмитасига мурожаат қилдим, жамоатчилик ташкилоти бўлгани сабаб аралаша олмасликларини айтишганди. Ўшанда Рустам Шоабдураҳмонов қўмита раиси эди.

Қ.Ш.:  — Сиз раислик лавозимига келганингизда, каратени тушунадиган шахс қайтгани учун спорт жамоатчилиги қувонганди. Нимадир бўлдию 2019 йилда сизга нисбатан жиноий иш очилди, камомадлар аниқланди. 2019 йил ўрталарида эса, МОҚ раҳбарияти янгиланди. Муаммолар бўйича янги раҳбарият билан мулоқот қилганмисиз? 

Н.Н.: — Бир неча марта мурожаат қилганман. Жамоатчилик ташкилоти бўлганимиз сабабли суд орқали ўзимиз ҳал қилишимизни айтиб, аралашишдан бош тортишди. Қандай тушунтиришни билмайман: устимдан жиноий иш очилди, коррупция ва ўта муҳим ишлар бўйича тергов бўлими ишни тафтиш қилди. Бор-йўғи 3 ойлик фаолиятимга доир ишлар икки марта Тошкент шаҳар прокуратурасида, икки марта Бош прокуратурада кўрилди. Ўзингиз ўйланг, 3 ойда федерацияда қандай муҳим жиноят содир этган бўлишим мумкин. 

Нега менгача бўлган даврда ажратилган 14-15 миллиард пулларни текширилмайди. Суднинг 2019 йилдаги ҳукми билан ва 2021 йилдагиси деярли бир хил. Менинг вазифам мансаб талашиш эмас, каратени ривожлантуриш. Агар хоҳлашса, яна шундай ҳукм чиқиши мумкин экан.  Уларга [терговчиша] нохолис эканликларини, менгача бўлган даврда 10-15 миллиард сўмлик ҳисоблар борлигини айтдим. У эса, ўзининг буйруқни бажарувчи оддий ходим эканини айтди. 

Қ.Ш.: — Иш терговга оширилгунига қадар 3 ойлик фаолиятингиз давомида, молиявий ҳисоботлар бўйича текширувлар бўлиб ўтдими? 

Н.Н.: — Оирги марта 2019 йилда Ўта оғир ишлар бўйича тергов бўлимида сўроқ ҳам қилмасдан ишимни судга оширишган. Ўшанда Мирзо Улуғбек туман судидда кўрилган масалалар бу сафар ҳам кўтарилди. 

35 миллион сўм миқдоридаги пул ЎКМФ ҳисоб рақамига сал кечроқ тушган. Миллиардлар ажратилган пуллар қолиб шу сумма 4 марта судда муҳокама қилинди. Вазифам улар билан олишиш эмас. Спортни ривожлантиришни истайман. Давлат ажратаётган пулларга каратени биринчи рақамли спорт турига айлантириш мумкин. Нега қилинмаяпти? Ўйлашимча, коррупция элементлари бор.

Қ.Ш.: — Спорт коррупциялашгани бутун дунёда айтилади. Бизда қайси доирада коррупция кучли, юқори ёки қуйи? 

Н.Н.: — Нотўғри гапириб қўймасликка ҳаракат қиламан, аста-секин судда ютиб келяпмиз, спорт вазирлигига кирмоқчи бўлдик. Ҳатто, вазирнинг ўринбосари билан ҳам учраша олмадик. Суд кетаётгани сабабли бизни эшитишни хоҳламади. Янги вазир келгач, шахсий фикримча, олдингига қараганда вазият яхши томонга ўзгарди. Францияда ўтган сўнгги лицензион мусобақдан аввал 2020 йил 28 октябрда Равшан Эрматов ва Ойбек Қосимов билан йиғилиш ўтказилди.
 
Унда: “Ўртоқ, Нафасов, терма жамоани олимпиадага тайёрлаш ишларига аралашманг”, деб айтишди.

2016 йилда карате Олимпиада спорт турлари қаторига киритилган бўлса, давлат томонидан ажратилган маблағга жуда кўп ишларни амалга оширса бўлади. Натижалар кўрсатиш муаммосиз бўлиши керак. Лекин шу вақтгача бирорта лицензия йўқ. 

Натижалар билан Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимовга мурожаат қилдим. Ҳеч қандай реакция бўлмади. Мен каратени тушунаман. 2016 йилдан 2020 йилгача 20 миллиард сўм миқдорида пул ажратилган. Бунга ҳеч йўқ 5 та лицензияни қўлга киритса бўлади. Терма жамоани лицензион турнирга тайёрлаган иккита мураббий яхши инсондир, лекин мутахассис сифатида “ноль”. 50 килограмм оғирликдаги каратечини 4 йил давомида 55 кг вазн учун тайёрлабди. Париж мусобақаси кўрсатди ҳаммасини. 

Қ.Ш.: — Ўртоқ, Нафасов, гапириш осон. Ўзингиз 2018 йилдан бери нимани қойил қилдингиз, дегувчилар жуда кўп топилади.

Н.Н.: — Ўзбекистон чемпионатининг ва юртимизда ўтадиган бошқа мусобақаларнинг обрўсини оширдим. Бокс ва дзюдо мусобақаларига ҳавас қилганим сабаб, шулар қатори ўтказишга ҳаракат қилинди. Наврўз байрамига бағишланган мусобақаларни ўтказдик. Барча ёш тоифасида 141 та яхши спортчини танлаб олдик. Ваъда бера оламанки, улар Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларида натижа кўрсатади. Биз Ўзбекистоннинг янги терма жамоасини саралаб олдик. Менгача бўлган ва кейинги даврда эса иккита мураббий 5 та спортчини тайёрлади, мусобақаларга олиб борди, бироқ натижа йўқ.

Қ.Ш.: — Шармандали вазият. Шунча спортчиларни саралаб олинганини айтяпсизу, лекин натижалар кўрсатилмагани тушунарсиз. Ўзбекистонда янги давр карате усталари туғилмаган бўлиши мумкин эмас. Қани улар? Ёки коррупция шу қадар қулоч отиб кетганми? Францияга “музқаймоқ ейиш учун” борилганми?

Н.Н.: — Натижаларсиз ўтган 14 мусобақага ҳар доим, иккита мураббий, бешта спортчи ва федерациянинг аввалги ходимлари борган. Мен бирортасида иштирок этмаганман. Аслида Ўзбекистонда кучли мутахассис ва карате усталари кўп. 

Қ.Ш.: — Улар федерацияга ишонишадими? Шахслар алмашгани билан федерация низоми ва қарорлар, ўрнатилган тизим ишлаши керак. Акс ҳолда федерациянинг кераги йўқ. 

Н.Н.: — Ишонч бўлиши учун биринчи галда натижа кўрсата олмаган аввалги жамоа халқдан узр сўраб, истеъфога чиқиши керак. Олимпия қўмитаси ёки бошқа жойда туриб, уларга раҳнамо бўлаётганлар ўйлаши керак. Миллат шарафи ҳар нарсадан юқори бўлиши керак. Спортга берилган эътибор юқори даражада. Ривожанган далатларнинг аксарияти спортга бу қадар эътибор қаратмайди. Айримлар тўғри ишласа, яхши бўлади. Ўзбекистонда сиз ўйлагандан ҳам кучли спортчилар бор. 

Қ.Ш.: — Сиз амалдор сифатида бу фикрга энди келгандирсиз, буни ўзбек халқи бир неча ўн йиллардан буён билади. Лекин у спортчилар тан олинмайди.

Н.Н.: — Ҳозирги ислоҳотлар сабабли ҳаммаси тан олиниши керак. Уларни кечиктириб бўлмайди. Туризм ва спорт вазирлигининг талабларини қонун доирасида бажарсак, ҳаммаси яхши бўлади.

Қ.Ш.: — Узоқ йиллар федерация раҳбари бўлиб ишлаб, 12 йиллик танаффусдан кейин яна раҳбарликка қайтдингиз. 3 ойлик фаолиятингиздан сўнг яна суд жараёнлари бўлганига қарамасдан муҳрни бермагансиз. Курсингизни шунчалик яхши кўрасизми. Юзлаб шогирдларингиз бор, камсуқум одамсиз. 2003 ва 2006 йилларда ҳам судлангансиз. Ўша жараёнлар сизга дарс бўлмаганмиди? 

Н.Н.: — Спортни тушунмаган одам лавозим талашяпти, деб ўйлайди. Бироқ ундай эмас. Кимга ташлаб кетасан, деб савол бермайсизми? Шунча масъулиятли нарсани кимга ташлаб кетасиз. Спортчилар билан суҳбатлашсангиз кўзингизга ёш келади. Ҳақиқатан ҳам эзилиб кетишди. Уларга ачинаман. Айрим мураббийларнинг шароитларини кўриб, қўрқиб кетасан киши. Лекин улар фидоий. Абгор аҳволдаги спорт залида 10 соатлаб машғулот ўтишга ҳам тайёр. 

Мен ҳозир ишлашга тайёрман: ҳамма коррупционерлар кетсаю ислоҳот қилишга ваъда берилса. Ўзбек карате усталарини Олимпиадада кўрмоқчи эдим. 2018 йилда МОҚ раиси Умид Аҳмаджонов ишга қайтганимда Олимпия ўйинларида натижа қандай бўлишини сўраганди. Ўшанда 2 та медаль ваъда қилганман. Аҳмаджонов, “йўқ, бунақаси кетмайди, 3 та медаль олмасангиз мен сиз билан гаплашмайман”, деб туриб олган. Мен суддан чиқиб, судга югураверсам, қандай қилиб натижа кўрсатаман.  

Кимлар раҳбар бўлиши мен учун муҳим эмас, асосийси натижа бўлса кифоя.

Қ.Ш.: — Олимпия ўйинларига йўлланма сотиб олинмаслигига ким кафолат беради?

Н.Н.: — Энди бу ҳар бир каратечининг виждонига ҳавола. Мана шу бешта спортчи билан сотиб олиш мумкин, деб ўйлайсизми? Бу нарса бўлмайди, Осиё чемпионати деган номи бор ахир. Буларда ёндашиш нотўғри. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” дейишган. Муллаев умрида карате билан шуғулланмаган одам, у – бизнесмен. Мураббийлардан бири сузиш мутахассиси, бири муҳандис. Агар мабодо Нафасовнинг “овозини ўчириш” учун бўлса ҳам Франциядан ютуқ олиб келинганда, зўр бўларди. Ўйлашимча, Нафасов номидан кўра, Ўзбекистон ғурури кўпроқ устун туради. 

Сиз йўлланмани сотиб олиш ҳақида гапиряпсиз, ҳолбуки Ўзбекистон карате федерациясининг бугунгача бир хоналик офиси ҳам бўлмаган. Сиз эса кресло талашасиз деяпсиз, ваҳоланки талашиладиган креслонинг ўзи йўқ. Худо хоҳласа, мен 2 йил ичида карате миллий федерациясининг базасини яратаман.

Қ.Ш.: — Сиз авваллари ишлаб кетган даврингиз, яъни 2006 йилларда ҳам бу ернинг базаси бўлмаганми?

Н.Н.: — Биз у пайтлари ҳомийларнинг эшиги тагида садақа сўраган каби “сарғайиб” турар эдик. Президентимиз томонидан сўнгги 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва ажратилаётган пуллар жуда кўплиги боис, бугунги кундан камчилик қидириш ноўрин. Ҳамма имконият бор, фақат фойдаланадиган одам йўқ. Энг ачинарлиси, нима сабабдан “Ўзбекистон каратеси бирорта йўлланмага эга чиқмади?” деган савол жавобсиз қолдирилгани бўлди. Охири нима бўлади, билмадим...

Қ.Ш.: — Карате шу кетишда кетаверса…

Н.Н.: — Буни айтишга ҳам қўрқаман, эшитувчиларга ғалати таъсир қилади. Кўплаб каратечилар бошқа соҳаларга, ёки таэквондога ўтиб кетгани сир эмас. Баъзилари эса спортдан эмас, Ўзбекистон чиқиб кетди. Улар Чехия, Венгрия фуқаролигини олиб, ўша давлат терма жамоаси сафида карате тушишни маъқул кўрмоқда. Бир спортчини аэропортга кетаётган жойида зўрға ортга қайтариб қолишга кўндирганман. Ўша йигит Парижда 5 та жангда ютиб келди. Агар сиз айтаётгандек, ҳамма нарса шу туришда давом этаверса, катта эҳтимол билан ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди.

Қ.Ш.: — Бундан 2 йил аввалги судланишингизни ўша вақтдаги МОҚ раиси Умид Аҳмаджонов билан боғлашган эди. Ўзингиз ҳам шундай фикрда бўлгансиз. Вақт ва кейинги судлар кўрсатдики, бу масала Аҳмаджонов шахси билан боғлиқ эмас.  

Н.Н.: — Менимча, судланишимга Умид Аҳмаджоновнинг алоқаси йўқ. Мен ўша пайтнинг ўзидаёқ билганман бу кимнинг буюртмаси эканлигию, нима сабаб бўлганини. Ўзининг оғзидан эшитганман буюртмачини. Чунки, Аҳмаджоновдан бу ҳақда сўраганимда, у “Бу ишларнинг менга алоқаси йўқ, ака. Кимни сабаб бўлаётганини ўзингиз ҳам сезган бўлсангиз керак”, деб айтганди. Ўшанда билдимки, тахминларим тўғри. 

Қ.Ш.: — Ўшанда сиз федерацияга келганингиздан кейин каратечиларнинг овқатланиши борасида камчилик кузатилгани, пасайиш бўлгани айтилди. Нима, сиз ишлаган пайтда каратечилар “роллтон” ейдиган даражага тушиб қолдими?

Н.Н.: — Қўрқмасдан айта оламанки, бу ишларнинг ҳам менга алоқаси йўқ. Спортчилар, ҳатто, халқаро мусобақаларга ҳам ўзи билан халта-халта “роллтон” олиб боришган. Кейин билсам, бутун умр шунга ўрганишган экан. Улар учун давлат ҳар доим сафар пули ажратган. Уларга бу ҳақда айтдим ва ажратилган пулни бердим. Ўшанда спортчиларимиз умрида биринчи марта сафар пулини олганини айтишганди. Ачинарли ҳолат...

Қ.Ш.: — Федерациянинг сиз раҳбарлигингизда уюштирилган матбуот анжумани худди чет эл кинолари сингари барчанинг ёдида қолган. Ўшанда журналист ва блогерлар сизга савол беришлари керак бўлган пайтда, спортчиларингиз у ерда жанжал уюштириб, сиздан ҳақ талаб қилган. Ўша вазиятни изоҳлай оласизми?

Н.Н.: — Ўша куни матбуот анжумани ўтказилиши ҳақида эълон берганимиздан кейин раҳбар лавозимида ишловчи бир одам мен билан боғланиб, “Матбуот анжумани уюштиришни биздан сўрадингизми, келишилганмиди, нега маслаҳатсиз иш қилдингиз?”, деди. Мен эса бу шунчаки матбуот анжумани эканлигини, бу ерда фақат Карате федерацияси билан боғлиқ мавзулар кўтарилиши, унинг иш режаси хусусида сўз боришини айтдим. Қолаверса, анжуманда сиёсий мавзулар ҳақида гап кўтарилмаслиги аниқ эди. 

Шундан кейин футболчи ва мураббийлар келиб жанжал кўтаришни бошлади. Мендан ҳақ талаб қилишяпти, бу менинг ишим эмас, мен ОАВ вакилларига федерациянинг иш тартиби ҳамда вазифалари ҳақида маълумот бермоқчи эдим. Алам қилгани, ҳатто, Франциядаги катта мусобақага жўнатилган спортчиларга ҳам шу пул ажратилмаган ва улар сиз айтггандек “роллтон” еб юришга мажбур бўлган...

Суҳбатнинг шу қисмида Карате федерациясидан қўнғироқ бўлди. Федерацияда ишловчи бош мураббийи Дилноза Бакирова Нурхон Нафасовнинг фаолияти борасида танқидий фикрлари ва бир неча саволлари борлигини маълум қилди. Биз унга савол бериш имкони борлигини айтиб, қулоқ тутдик.  

Дилноза Бакирова: — Нурхон Зиётович қандай қилиб нодавлат-нотижорат ташкилотга на конференция, на йиғилиш қилмасдан президент бўлиб олди? Иккинчи саволим, ўтган йили бизга машғулот учун Бўстонлиқ туманида алоҳида уй ажратилганига қарамай, ёзнинг чилласида иссиқ кафе ичига татами қўйиб, машғулот қилдирган. Бундан тушган пулни эса “еб юборган”. Биз ўз ёнимиздан кунига икки маҳал ўша ерга бориб, ҳатто, тушликсиз шуғулланганмиз. Буларнинг сабаби қачон очиқланади?

Н.Н.: — Дилноза Бакирова айтган гапларнинг ҳаммаси бўҳтон. Ўқув-йиғини машғулотига ажратилган пулни “еди”, қалбаки ҳужжат қилди деб, анализ-синтез қилмасдан гапиряптилар. Буни прокуратура ўрганиб чиққан, суд кўрган ва хулосага келиб, қарор чиқарган. Иккинчидан, мен сайланган куним, 16 май куни конференция бўлган. Менда ўша конференциянинг ёзиб олинган видео лавҳаси бор, унда Бакированинг шахсан ўзи иштирок этган, мен бир қанча фоиз овоз тўплаб, президентликка сайланган эдим. 

Бундан ташқари, биз яқин кунларда федерациядаги мураббийларнинг ҳар бир мурожаатини эшитиб ўтамиз, расмий ҳар қандай мурожаатга жавоб бераман. Агар хоҳласангиз, ушбу жавобларимни сизга етказиб туришим ҳам мумкин. Лекин бу гаплар ёлғон, расмий, мантиқли савол эмас.

Қ.Ш.: — Дилноза Бакированинг саволига сиз суд ўз хулосаларини берган дедингиз, шунга кўра сиз 17 миллион сўмга жаримага тортилдингиз. Бундан келиб чиқишича, сиз ростан ҳам ўша ҳужжатларни қалбакилаштирдингизми?

Н.Н.: — Мен умуман ҳужжатларни қалбакилаштирганим йўқ! Бошида ҳам айтдим, яна қайта айтаман, буларни айбдор дейишдан ҳам йироқман, сабаби тез орада кимнинг ким эканлиги барчага аён бўлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Нурхон Нафасов билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин


Мақола муаллифи

Теглар

Нурхон Нафасов

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made