Нурафшонда Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси қурилади
Жамият
−
05 Ноябрь 2021
9435Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун 28 миллиард 400 миллион сўм ажратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг фармойишида қайд этилган.
Тошкент вилояти ҳокимининг “Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш ишларига маблағ ажратиш тўғрисида”ги фармойишига кўра, мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Файзиев, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ш.Хакимов ва Б.Мелиев зиммасига юкланган.
Қайд этилишича, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси” давлат унитар корхонасига вилоят марказида олиб бориладиган ишлар учун жами 34 миллиард 400 миллион (ўттиз тўрт миллиард тўрт юз миллион) сўм, жумладан:
• Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун 28 миллиард 400 миллион
• “Nurafshon Business City” ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилиши учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Қолган 4 миллиард 900 миллион сўм белгиланган тартибда вилоят маҳаллий бюджетининг тикланишини таъминлашга йўналтирилади.
Маълумот учун, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг сўзларига кўра, Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларусь ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига бағишлаб “Матонат мадҳияси” монументи барпо этилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь