Нукусда Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилмоқда

Жамият

image

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари ўтказилмоқда.

Кеча, 26 октябрь куни Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари доирасида Нукус ёшлар театрида учрашув ва концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият  қўмитаси раиси Ганира Пашаева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати раисининг муовини Расул Зарикеев очиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон билан ҳамкорликнинг ривожи ҳақида ахборот берди. Қорақалпоғистон ва қўшни Хоразм вилоятида Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари ўтказилишини олқишлади.

Ганира Пашаева томошабинларни қутлаб, буюк Озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулийдан илҳомланган асарлар ёзган Бердақ ватанида бўлишдан мамнунлигини билдирди. Қўмита раиси Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий дўстона ва қардошлик алоқалари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг улкан хизматлари борлигини таъкидлади. Ганира Пашаева шундан сўнг Озарбайжон ва Қорақалпоғистон ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Озарбайжон ерларини арманлар ишғолдан озод қилиниши ҳақида сўзлар экан, қўмита раиси шундай деди: 

“Бир йил олдин Озарбайжон Президенти, олий Бош қўмондон Илҳом Алиев раҳбарлигида аскарларимиз ва зобитларимизнинг шижоати билан 44 кун ичида деярли 30 йил давомида  Арманистон ишғолида бўлган ерларни озод қилдик. Арманлар шаҳар ва қишлоқларимизни, масжид ва қадамжоларимизни вайрон қилдилар, бу ерларда ҳақиқий бузғунчилик сиёсатини амалга оширдилар. Арманлар бу вандализм ва ваҳшийликни ҳам ўз тарихига ёзиб қўйди. Қорабоғда энди бунёдкорлик ишлари бошланди”.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Маданият маркази ташаббуси билан буюк Озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига таржима қилинганини қайд этди. Самир Аббосов бу йил буюк Озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги муносабати билан Президент Илҳом Алиев “Низомий Ганжавий йили”деб эълон қилди, дея таъкидлади. Бу борада Озарбайжон ва бутун дунёда тадбирлар ўтказилмоқда.

Марказ директори бу йил Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда, унинг асарлари чоп этилаётганини ҳам таъкидлади.

Шундан сўнг Озарбайжон Халқ артисти Гулянаг Мамадова муғом ва халқ қўшиқлари, соз устаси Илҳом Абдуллаев қадимий халқ куйлари, Озарбайжон Маданият маркази “Озарбайжон қизлари” ансамбли аъзолари рақслар ижро этдилар.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари, фан, маданият ва санъат намоёндалари, Нукусда яшовчи озарбайжонлар, журналистлар иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг