"Nukus city” қурилиши учун 400 дан ортиқ уйлар бузилади
Жамият
−
13 Ноябрь 2019
5319Шавкат Мирзиёевнинг “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Нукус шаҳри марказида “Nukus city” шаҳарчаси барпо қилинади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шаҳар ичидаги янги шаҳарнинг қурилиш ишлари келгуси йилда бошланади.
Нукус шаҳри архитектура ва қурилиш бўлими архитектори Азамат Оразимбетов тақдим этган маълумотга кўра, Президент қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан 2019 йил 26 февралда “Nukus city” замонавий ишбилармонлик марказини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Бугунги кунда “Nukus city” лойиҳасининг янги варианти ишлаб чиқилган. Янги шаҳарча шаҳар марказидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг чап қирғоғидаги майдонга, яъни “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда барпо этилади. Қурилиш объектлари учун биринчи босқичда 43 гектар ер майдони танланган бўлса, иккинчи босқичда бу 53 гектарга етказилди. “Nukus city”нинг умумий майдони 70 гектардан ортиқ бўлади.
Қурилиш учун белгиланган ҳудудда 400 дан ортиқ хусусий уйлар босқичма-босқич бузилиши белгиланган. Ижтимоий аҳамиятга эга баъзи йирик объектлар – масжид, спорт коллежи, сув бассейни, футбол стадиони ва янги қурилган 4-5 қаватлик уйлар бузилмайди.
“Nukus city”да дастлаб 16 қаватлик уйлар қурилиши режалаштирилган. Ундан ташқари 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилиши ҳам назарда тутилган.
Хусусий уйларни бузиб, кўчириш ишлари 3 босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 140 та уйнинг бузилиши ва унинг эгаларини бошқа жойга кўчириш ишлари режа қилинган.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси