8-синф ўқувчилари синфдошини дўппослади. Ўқувчилар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин
Жамият
−
04 Декабрь 2019
9416Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган мактаблардан бирида уч ўқувчи тил бириктириб бошқа синфдошини дўппослаган. Ушбу воқеа акс этган видео QALAMPIR.UZ’га етиб келди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматининг қайд этишича, улар мактабнинг 8-синф ўқувчилари бўлган. Ҳолат жорий йилнинг 2 декабрь куни қайд этилган.
Мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчилари Р.Р., А.М., А.О., С.М. ва А.К. синфда ўзаро жой талашиб, бир-бирини ҳақоратлаган.
Танаффус вақтида мактаб биносининг 3-қават коридорида уч нафар ўқувчи Р.Р., А.О., А.М. ўқувчи А.К.ни урган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими, Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ инспекторлари мактаб маъмурияти, ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасида суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ўқувчилар Р.Р., А.О. ва А.М.ларнинг ишини вояга етмаганлар комиссиясига тақдим этиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси бўйича жазолаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш мажбуриятлари белгилаб берилган.
Унга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси