Норвегия ЕИнинг Россияга қарши еттинчи санкциялар пакетига қўшилди
Олам
−
27 Август 2022
3562Норвегия ҳукумати Европа Иттифоқи томонидан 21 июль куни жорий этилган Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакетига қўшилди. Тегишли баёнот Норвегия ҳукумати сайтида чоп этилган.
“Европа Иттифоқи томонидан жорий йилнинг 21 июлида қабул қилинган санкциялар пакети Норвегия қонунчилигига киритилди ва Норвегияда бугундан кучга киради”, дейилади матнда.
Янги чекловлар Россия Федерациясидан олтин, шунингдек заргарлик буюмларини сотиб олиш, олиб кириш ёки ўтказишни тақиқлашни, Россия жисмоний ва юридик шахсларидан банк депозитларини қабул қилиш қоидаларини кучайтиришни, икки мақсадли товарлар ва технологияларни Россияга етказиб бермасликни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, “қора рўйхат”га “Сбербанк”, “Тунги бўрилар” мотоцикл клуби ва бир қатор россиялик ҳарбийлар киритилган.
Норвегия Ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельдт ҳужжатни шарҳлар экан, “Биз яна бир бор Европа Иттифоқи билан биргаликда ҳаракат қиламиз, Россия ҳукуматига босимни сақлаб қолиш учун уларга санкциялар киритамиз”, деган.
Аввал Норвегия Европа Иттифоқининг Россия Федерациясига қарши барча санкцияларини қўллаб-қувватлаган, бироқ балиқчилик саноати бундан мустасно. Россия байроғи остидаги балиқ овлаш кемаларининг Норвегия портларига киришига рухсат берилган. Балиқчилик бўйича Россия-Норвегия қўшма комиссияси доирасида ҳам ҳамкорлик давом этмоқда.
LiveБарчаси