Норвегия Украинага 100 миллион доллар ажратди
Олам
−
11 Декабрь 2022
2528Норвегия Украина ҳукуматига мамлакат энергетика тизимини тиклаш учун 100 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
"Бугунги куннинг калити бу — энергия. Одесса вилоятида вазият жуда қийин. Эрон учувчисиз учоқларининг тунги зарбасидан сўнг Одесса ва минтақанинг бошқа шаҳар ва қишлоқлари қоронғуликка кирган. Ҳозиргача Одессада 1,5 миллиондан ортиқ одам электр энергиясиз қолган", дейди Зеленский.
Унинг қайд этишича, Норвегиядан Украина энергетика тизимини тиклаш учун махсус 100 миллион доллар миқдорида янги қўллаб-қувватлаш пакети келган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Норвегия Украинага ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий кўмак, гуманитар ёрдам кўрсатади ва газ сотиб олишга ёрдам беради.
Норвегия ҳукумати аввалроқ Украина Қуролли кучлари ҳарбийларини тайёрлаш учун 150 миллион крон (тахминан 15 миллион доллар) ажратган эди.
Бундан ташқари, Норвегия Мудофаа вазирлиги 2023 йилда украиналик аскарларнинг ҳарбий тайёргарлиги бўйича инструкторлар сонини икки бараварга — 75 тадан 150 тагача ошириш ниятида эканини маълум қилган.
LiveБарчаси