Норози тадбиркорлар, қулаган кўприк, муаммоли 7 кунлик — Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
16:26 1282 9 дақиқа
Тошкентда 100 йил хизмат қилиши айтилган кўприк икки йилга ҳам етиб бормай ўпирилиб тушди. Тўғри, ҳозирча бунинг сабабини айнан коррупция дея олмаймиз. Чунки расмий изоҳларда сабаблар ўрганилмоқда дея изоҳ бериляпти. Аммо яроқлилик муддатига берилган ваъда ва ҳақиқий ҳаётдаги ҳолати исталган одамда шубҳа уйғотадиган даражада. 128 млрд сўм сарфланган бу йўл ўтказгичининг бир қисми қулаши ҳақидаги хабарлар остида фуқаролар томонидан ёзилган изоҳларнинг жуда катта қисми коррупция, пулларни еб юбориш, масъулиятсизлик ҳақида. Сергелидаги яна бир бузилган кўприк икки ойгача таъмирланмагани ортидан бир ўқувчи каналга тушиб кетгани, бошқа ёш болалар ҳаётини хавфга қўйиб, қувур устидан юришга мажбур бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Жуда кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолат, ҳатто президент даражасида муҳокама қилинди, масъуллар танқид остига олинди. Шу ва бошқа мавзулар таҳлили билан QALAMPIR.UZ студиясида ҳафта таҳлили.
12 март куни Тошкент шаҳридаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси атрофидаги янги туннель йўлида тиргак деворнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Ушбу йўл ўтказгич 2024 йилнинг август ойида очилган эди. Ўшанда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов бу йўл ўтказгич мамлакат тарихида биринчи маротаба йиғма темир конструкцияларидан қурилганини алоҳида таъкидлаганди. Унинг анъанавий бетон ва монолитга нисбатан афзаллиги сифатида у 2,5−3 баравар енгил, 30 фоизга арзон, фойдаланиш харажатлари 4−5 баравар кам ҳамда хизмат муддати 100−120 йилни ташкил этишини ҳам айтган. Аммо… ҳа майли. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳодиса юзасидан берган дастлабки расмий маълумот эса кўплаб кесатиқли изоҳларга сабаб бўлди. Улар бу фалокатга ёмғир сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.
“Ҳозирда комплексда техник текширув ўтказилмоқда. Текширув якунланмагунча, узил-кесил хулоса чиқаришга ҳали эрта. Дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Сардоба сув омбори ёрилганида, кемирувчилар айбланганини кўрган одамлармиз. Шу сабаб, ёмғирнинг пеш қилинишини фавқулодда ҳолат сифатида кўрмасак-да, айрим саволлар бор! 100 йил хизмат қилади деб нимага ишониб айтилган? Нима, қурувчилар 1 аср давомида умуман ёғингарчилик бўлмайди деб аниқ ишонишганми? Яна ҳам бир неча кун тўхтовсиз сел ё жала қуймади. Хуллас, саволлар бор. Воқеа жойига шахсан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умирзоқов боргани, таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ҳокимлик матбуот хизмати видеоларни эълон қилди. Айнан ўша тасвирларда яна саволларни келтириб чиқарган кадрлар бор. Дрон орқали олинган тасвирларда йўлнинг ўпирилиб тушган томони ва унинг қаршисидаги йўлларда ҳам асфальт ранги икки хил. Аниқроғи, маълум қисми яқин орада қайта асфальт қилинганини англаш мумкин. Бу эса “айнан ўша ерларда аввалроқ ёриқлар пайдо бўлганмикин?” деган саволларни келтириб чиқаради. Хўш, унда нега эҳтимоллар ҳисобга олинмаган? Хавфсизлик чораси кўрилмаган? Ҳозирда бир нима дея олмаймиз.
Масъулият жуда муҳим нарса эканлигини айтмасак ҳам яхши биласиз. Кимдир қайсидир лавозимга қўйилиши бу шунчаки тугмани босиб “фалончихон чой”, деб ўтириши ёки қариндошларини ҳаммасини ишли қилиши керак дегани эмас! Масъулият қайсидир фуқаро “бузилган кўприк сабаб бир ёш бола каналга тушиб кетди”, деб мурожаат қилганида, дарҳол бошқалар ҳам шу ҳолатга тушмаслик учун чора кўрилишида намоён бўлади. Аммо Сергели туманидаги айрим мутасаддилар ўз ишига бефарқлиги туфайли ўқувчиларнинг ҳаёти хавф остида қолди.
Сергели туманидаги “Жунариқ” канали оқиб ўтган ҳудудда кўприк бузиб ташлангани учун ўқувчи ёш болалар ҳаётини хавф остига қўйиб, қувурлар устидан юриб ўтаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган, ҳақли эътирозларни келтириб чиқарган ушбу ҳолат давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам эътибордан четда қолмади.
Президент кўприк масаласида январь ойида мурожаат қилинса-да, икки ой давомида мазкур мурожаатга бирорта масъул эътибор қаратмасдан, юзаки жавоб берганини танқид қилди. Ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганидан кейингина кўприкни тиклаш учун маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари амалга оширилгани айтилди. Шунингдек, бундай ҳолатлар фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги жиддий камчилик сифатида баҳоланиб, мурожаатларга бефарқ муносабат фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Энди эса бу етти кунликда муҳокама қилинган яна бир мавзуга ўтамиз. Тошкент шаҳрида дўконли автобус бекатлари бузилиши бошланди. Бунинг натижасида эса тадбиркорлар томонидан эътирозлар билдирилган видеолар тарқалди.
Ҳолат юзасидан муҳокамалар авжига чиққач, Экология қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умирзоқов фаолиятига эътироз билдирди. “Энг ёмон ҳоким сифатида тарихда қоласиз”, деди у. Кушербоевнинг айтишича, пойтахтда экологияга зиён етказиш, тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилиш каби қонунга зид ҳаракатлар содир этилмоқда. Хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмаяпти.
Эътирозли вазият юзасидан тадбиркорлар, жамоатчилик фаоллари ва фуқароларда саволлар кўпайгач, 12 март куни Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев расмий изоҳ берди.
Йўллардаги ҳаракатланиш бизнинг жамиятдаги энг оғриқли нуқталардан бири. Пиёда бўлсангиз, айрим ҳайдовчилар телбадек кўринади кўзга. Ва аксинча, уловда бўлсангиз, баъзи бир пиёдаларнинг ҳаракатини кўриб, “эринмай уларга биринчи синфдан ҳамма нарсани қайта ўқитиш керак” деб юборасиз. Қоидаларни менсимай қасддан бузишни фахр деб биладиганларданку, зерикди одам.
“Права”сиз машина ҳайдаб ЙПХ ходимининг ўлимига, 3 болани етим, 1 аёлни бева бўлишига сабаб бўлган ўсмирнинг ҳолати ҳам айримларни ўзини йиғиштириб олишига туртки бўлолмаяпти. Айнан мана шу кўнгилсиз ҳолатдан сўнг рейдлар сони ошди. Жавобгарликка тортишда “бу фалончиевлардан” деб ҳайиқиш камайгани жамоатчилик фаоллари томонидан айтилмоқда. Аммо барибир ёш боласига калит тутиб, қоидаларни бузишига ўзи ёрдам бераётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида вояга етмаган ўғилларининг юқори тезликда машина ҳайдашига йўл қўйган ота 5 суткага қамалди.
Маҳалла аҳолисининг эътирозига кўра, фуқаро Нозим Азизовнинг Ҳасан ва Ҳусан исмли 13 ёшли вояга етмаган ўғиллари маҳалла кўчасида автомашинани жуда юқори тезликда ҳайдаган. Бу эса маҳаллада ўйнаётган болалар ва юриб турган кексалар учун жиддий хавф туғдирган ҳамда қўшнилар норозилигига сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, болалар ота-онаси ва қариндошларига тегишли машиналарни олиб, маҳалла ичида бемалол ҳайдаб юрган. Улар тор кўчаларда ҳам, катта кўчада ҳам жуда юқори тезликда ҳаракатланган. Маҳалла фуқароларидан бири бу ҳолат юзасидан бир неча бор огоҳлантириш берганини, ҳатто маҳалла комиссиясига ҳам мурожаат қилганини айтди.
7 март куни соат 21:00 атрофида қўшни фуқаро ушбу масалани тинч йўл билан муҳокама қилиш ва болаларга танбеҳ беришни сўраш мақсадида Азизовнинг уйи олдига борган. Бироқ, фарзандларини тўхтатиш ўрнига ота уларни ҳимоя қилишни танлаган. Гувоҳларнинг айтишича, у қўшни аёлни ҳақорат қилиб, баланд овозда бақирган ва маҳалла аҳолисининг тинчлигини бузган.
“Бундай муносабат кўпинча ўсмирлар учун ‘бизга ҳамма нарса мумки”, деган сигналга айланади. Агар катталар қонунбузарликка кўз юмса, болаларнинг хатти-ҳаракатларини оқласалар ёки уларни танқиддан ҳимоя қилсалар, ўсмирларда жазосизлик ҳисси шаклланади. Афсуски, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда шундай ҳолатлар кузатилмоқда. Вояга етмаганлар машина бошқариб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузмоқдалар. Айрим ота-оналар эса бундай қонунбузарликларга бефарқ қарамоқдалар. Бироқ, бу каби ҳолатлар оқибатсиз қолмайди”, дейилади ИИВ хабарида.
Жорий йилнинг 8 март кунидаги суд қарорига кўра, 1981 йилда туғилган фуқаро Нозим Азизовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) билан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Вояга етмаганлар томонидан бошқарилган транспорт воситаси эса жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳурматли ота-оналар. Аллақачон хулоса қилиш вақти келди. Машина бу ижтимоий статус эмас, кундалик фойдаланиш мумкин бўлган матоҳ, холос. Сиз бугун яқинларингизга мақтаниш учун калитларни бемалол тутаётган фарзандингиз қўлига эртага кишан тақилиши мумкин. Ва бунда айбдор фақат ўзингиз бўласиз.
Энг яхши тажриба бу бошқаларнинг хатосини такрорламаслик эканини мотивацион нутқларда кўп бора эшитгансиз. Аммо бундан керакли хулосани чиқариш ҳам фаросатнинг иши. Хуллас, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида “Gelik” машинасида соатига 200 кмдан ортиқроқ тезликда ҳаракатланган ва буни мақтаниш учун эринмай видеога олиб, монтаж қилиб инстаграмга жойлаган шахсларга чора кўрилди.
Қоидабузарлар Mercedes-Benz русумли транспорт воситасига ноқонуний равишда “мигалка” мосламаларини ўрнатиб, бир ҳолатда 210, яна бир ҳолатда соатига 222 кмдан ошиқроқ тезликда ҳаракатланган. Йўл ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузган йигитлар билан профилактик суҳбат олиб борилган. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарори билан қонунбузарларнинг ҳар иккисига нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Автомашина эса вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.
Жиноятлар мавзуси очилганида, бу етти кунликда тафсилотлари маълум қилинган “қора ишлар”га тўхталамиз.
Бекободда 11-синф ўқувчиси пичоқлаб ўлдирилди. Жорий йилнинг 5 март куни Бекобод шаҳрида бир неча вояга етмаган шахслар ўртасида оғзаки жанжал келиб чиққан. Можаро давомида улардан бири ошхона пичоғи билан жабрланувчининг ўнг ва чап кўкрак қисмларига жароҳат етказган. Жабрланувчи тиббиёт муассасасига олиб борилган бўлса-да, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган. Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жабрланувчига пичоқ билан тан жароҳати етказишда гумонланаётган вояга етмаган шахс процессуал тартибда ушланган.
Эътибор берган бўлсангиз керак. Охирги пайтларда мана шундай пичоқбозликлар вояга етмаганлар ўртасида кўпайиб кетяпти. Ҳеч кимни ўзаро жанжалга тарғиб қилмоқчи эмасмиз. Аммо катталар доим таъкидлаган бир гапни айтишни жоиз кўрдик. “Аввало, ҳеч ким билан муштлашма. Лекин вазият шу ишгача борса, эркак бўл. Ётганни тепма, урма. Қўлингга пичоқ у ёқда турсин, тош ҳам олма. Қаршингдаги душман бўлса ҳам ҳурмат қил. Ютқазсанг тан ол. Ютсанг хўрлама”, дейишарди улар. Аммо бугуннинг ёшлари оғзаки ҳал қилиш мумкин бўлган оддий масалаларда ҳам тўдалашиб уришишлари, қўлларида тақиқланган турли совуқ қуроллар бўлиши одатга айланди.
Ички ишлар вазирлиги эълон қилган статистика ҳам тўдалашиш ҳаракати борлигини исботлайди. Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-февраль ойларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган 6025 та махсус тезкор тадбир давомида 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тадбирларда ноқонуний қурол сақлаш билан боғлиқ 315 та жиноят иши қўзғатилиб, натижада 4570 та совуқ қурол фуқаролардан олинган. Улар орасида 50 та бита, 72 та кастет, 4004 та ўткир тиғли жисм ва 444 та бошқа турдаги қуроллар бор. Бундан ташқари, далилий ашё сифатида 5814 дона ўқ-дори ва 3 килограмм 715 грамм портловчи модда мусодара қилинган. Ижтимоий тармоқларда салбий таъсир кўрсатувчи, ёшлар ва аҳоли орасида бузғунчи ёт ғоялар ҳамда жиноят олами қарашларини тарғиб қилган 47 та аккаунт блокланган. Қолаверса, 116 та товламачилик, 86 та қиморхона ташкил этиш, 40 та одам савдоси, шунингдек, 790 та фоҳишахона сақлаш каби жиноят ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, қидирувда бўлган 533 нафар шахс ушланиб, уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. Январь-февраль ойларида жами 3150 та жиноят иши қўзғатилган, 2934 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 980 нафарига нисбатан эса қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Live
Барчаси