Норози халқ ҳаракати: Покистон ҳукуматга қарши “портлаш”га тайёргарлик кўрмоқда
World
−
16:17 1315 4 minutes
Покистон ҳукумати собиқ бош вазир Имрон Хонни озод қилишни талаб қилаётган тарафдорларининг намойиши олдидан Исломободда хавфсизлик чораларини кескин кучайтирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, Имрон Хон асос солган “Теҳрик-и-Инсоф” (Покистон адолат ҳаракати – PTI) партияси мамлакат бўйлаб намойиш ўтказиш режасидан воз кечмаслигини билдирган. Партия раҳбарлари эртага, 27 сентябрга белгиланган юришни 4 октябрга қолдириш масаласини муҳокама қилган.
Ҳукумат намойишни тўхтатиш мақсадида Исломободга ўн минглаб полиция ва хавфсизлик ходимларини жойлаштирган, пойтахтга олиб кирувчи асосий йўлларни тўсган ҳамда партиянинг бир қатор раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордерлар берган.
Намойиш Имрон Хоннинг 2023 йилдан буён қамоқда сақланаётгани ва унинг қамоқдаги шароити бўйича хавотирлар кучайган бир пайтда режалаштирилган. Хон коррупция билан боғлиқ айбловлар бўйича қамалган, бироқ у барча айбловларни рад этиб, қамоққа олинишини сиёсий босим билан боғлайди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда PTI’нинг ўнлаб раҳбарлари ва вазирлари ҳибсга олинган ёки уларга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари берилган. Шунингдек, Имрон Хоннинг уч синглиси – Алема Хон, Узма Хон ва Норин Ниози – ҳам жорий йил 21 сентябрда ҳибсга олинган.
Манбага кўра, Хоннинг туғилган вилояти ва PTI’нинг асосий таянчи ҳисобланган Хайбар-Пахтунхва вилояти Бош вазири Суҳайл Афридий ҳам ҳибсга олиниши мумкин бўлган шахслар қаторида. У партия ҳукумати Хоннинг қамоқдаги шароитини яхшилаш ва унинг ишлари бўйича адолатли суд жараёнини таъминлашга жиддий ён беришини айтмаса, юриш ўтказилишини билдирган.
“Ҳукумат ваҳимага тушмоқда – шунинг учун Исломободни қамал ҳолатига келтиришди, шунинг учун вазирларимизни ўғирлаб кетишмоқда. Аммо Имрон Хон мамлакатдаги энг машҳур сиёсатчи ва одамлар уни қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиқади”, деган Афридий.
У хавфсизлик кучларининг кўпайиши намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлишидан хавотирни кучайтирганини ҳам тан олган.
“Улар бизни тўхтатиш учун куч ишлатишнинг ҳар қандай усулига бориши мумкинлигини биламан. Аммо одамлар сони кўп бўлса, улар бизга ўқ узолмайди. Бизнинг режамиз – шунчалик кўп одам олиб келишки, улар таслим бўлишга мажбур бўлсин”, деган у.
Хайбар-Пахтунхва губернатори Файсал Карим Кунди эса хавфсизлик чораларини эҳтиёт чораси сифатида ҳимоя қилган. У PTI’ни “беқарорлик ва зўравонлик” келтириб чиқаришга уринишда айблаб, давлат “зўравон гуруҳнинг Исломободга юриш қилишишига йўл қўя олмаслигини” айтган.
Билдирилишича, Исломободда йўлларни тўсиш учун 1000 дан ортиқ юк контейнерлари ўрнатилган. Уларнинг айримлари тиканлар билан мустаҳкамланган, кўприкларга қум қоплари жойлаштирилган, пойтахтга олиб кирувчи муҳим автомобиль йўлларидан бири ёпилган.
Шунингдек, шаҳарда оммавий йиғилишлар ҳам тақиқланган. Исломобод бўйлаб 22 минг полиция ва бошқа хавфсизлик ходими жойлаштирилган. Хайбар-Пахтунхва маъмурий маркази Пешоварни Исломобод билан боғловчи асосий автомобиль йўли ҳам ёпилган.
Нашрнинг қайд этишича, кўрилган чоралар пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларининг норозилигига сабаб бўлган. Йўлларнинг ёпилиши туфайли кўплаб дўконлар ва корхоналарга зарур маҳсулотларни етказиб бериш қийинлашган.
Жумладан, 76 ёшли нафақадаги тадбиркор Шоҳиднинг айтишича, “бутун шаҳар азият чекмоқда”. У ишсизлик, инфляция ва хавфсизлик муаммолари аҳоли ҳаётини қийинлаштирганини таъкидлаган.
PTI ва Хоннинг тарафдорлари собиқ бош вазир қамоқда яккаланган ҳолда сақланаётгани, унга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда бир неча ойдан бери оиласи ва адвокатлари билан мулоқот қилиш имконияти чекланганини даъво қилмоқда. Ҳукумат эса Хоннинг соғлиғи бўйича тиббий кўриклар ўтказилганини билдирган.
Хон ўзига қўйилган айбловларни рад этади. У қамоққа олинишининг сабаби ҳукумат ва мамлакатдаги қудратли ҳарбий раҳбарият учун сиёсий хавф туғдириши эканини таъкидлайди.
Сиёсий шарҳловчиларнинг фикрича, PTI намойиши кенгайиб, ҳукуматга қарши катта ҳаракатга айланиши мумкинлигидан расмийлар хавотирда. Покистонлик сиёсий шарҳловчи Ниёз Муртазонинг айтишича, Жанубий Осиёнинг сўнгги йиллардаги тажрибаси ҳукуматларга қарши оммавий намойишлар қисқа вақт ичида катта ҳаракатга айланиши мумкинлигини кўрсатган.
“Покистонда ҳозир норозиликлар жуда кенг. Ҳукуматнинг иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларидаги фаолияти паст, босим эса юқори. Шунинг учун улар бутун вазият жуда тез портлаб кетишидан хавотирда”, деган Муртазо.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Олий суди шу ҳафта Имрон Хонни 48 соат ичида Исломободдаги Shifa International Hospital шифохонасига ўтказиш ҳамда унинг шахсий шифокори ҳам қатнашадиган тиббий комиссия кўригидан ўтказишни буюрган эди. Хон шифохонада бир неча соат тиббий кўрикдан ўтгач, яна Адиала қамоқхонасига қайтарилганди.
Live
All