Норов АҚШ расмийлари билан нималарни гаплашгани очиқланди
Жамият
−
14 Декабрь 2022
10505АҚШ ва Ўзбекистон вакиллари кеча, 13 декабрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган икки давлат ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти йиғилишида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, Афғонистон атрофидаги вазият ва савдо алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати тарқатган томонларнинг қўшма баёнотида айтилади.
Қайд этилишича, АҚШ томонидан АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу, Ўзбекистон делегациясига эса Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилик қилган.
Давлат котиби ёрдамчиси Лу сўзи аввалида Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга C5+1 дипломатик форматидаги асосий иштироки учун миннатдорлик билдирди ҳамда ушбу формат муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ҳамда янада фаровон ва хавфсиз Марказий Осиёни яратишда муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистоннинг эълон қилинган ислоҳотлар кун тартибини ҳам муҳокама қилди. Давлат котиби ёрдамчиси кун тартибини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади ва АҚШ ҳукумати ислоҳотларни илгари суриш, жумладан, иқтисодиёт, таълим ва барча учун инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш соҳаларида қандай амалий ёрдам кўрсатаётганини таъкидлади.
Делегациялар икки мамлакатда савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳитни сақлаб қолишга қатъиятли эканликларини билдирган. Шунингдек, матбуот эркинлиги, журналистларни ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилган. Бундан ташқари, Афғонистон бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиб, АҚШ Ўзбекистонга гуманитар ёрдам кўрсатишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирган.
Мулоқот иштирокчилари, шунингдек, чегара бошқаруви ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, гиёҳвандлик ва терроризмга қарши кураш каби асосий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди. Давлат котиби ёрдамчиси Лу Ўзбекистон минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканини таъкидлади.
Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг янги савдо йўлларини ўрнатиш, импорт ва экспорт бозорларини диверсификация қилиш, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш, Глобал метан мажбурияти ва иқлим инқирозига қарши курашиш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини маъқуллаш ҳамда ўзининг иқтисодий ислоҳотларини, шу жумладан хотин-қизлар соҳасидаги ислоҳотларни илгари суриш истагини олқишлади. Қўшма Штатлар ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун 12-14 декабрь кунлари АҚШда бўлади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Норов билан музокаралар чоғида Тошкентнинг Марказий Осиёда ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий сиёсатини юқори баҳолаган. Ўз навбатида, Давлат департаменти Блинкен ва Норов Вашингтондаги учрашувда Афғонистон ва Украина аҳолисига ёрдам бериш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди.
Вашингтонда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси таркибида Норовнинг ўтмишдошлари – собиқ ташқи ишлар вазирлари Содиқ Сафоев (Сенат раисининг биринчи ўринбосари) ва Абдулазиз Комилов (Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили) ҳам бор. Шунингдек, Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам улар қаторидан жой олган.
LiveБарчаси