Қашқадарёлик блогер ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтмоқда
3-саҳифа
−
02 Июнь 2023
8172Қашқадарёда 15 суткага қамалган блогер Элмурод Одилов адвокатга судга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини маълум қилди. Унинг сўзларини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти келтирмоқда.
Қайд этилишича, кеча, 1 июнь куни мазкур жамият адвокати Қашқадарё вилояти ИИБнинг жамоат тартибини сақлаш махсус марказида блогер Элмурод Одилов билан учрашган.
Адвокатга кўра, блогернинг чап оёқ сон ва болдир қисмларида жароҳат излари яққол кўринган. Адвокат билан учрашув қамоқхона нозирлари назоратида ўтказилган. Шунга қарамай, блогер ўзининг судга қадар ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтган.
“Қамоқхона шароити ўта ачинарли. Овқатланиш рациони жуда қониқарсиз. Ичимлик суви муаммо, санитария қоидаларига амал қилинмайди”, дейилади жамият хабарида.
Келтирилишича, суд қарори судланувчига ҳам, унинг адвокатига ҳам берилмаган. Блогернинг тан жароҳатлари борасидаги мурожаатлари ўрганилмаяпти.
“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти блогерга нисбатан тан жароҳати етказган муассаса ва унинг ходимлари ҳаракатларини кескин қоралайди. Прокуратура органини вазият юзасидан текширув ўтказиб, ҳолатга баҳо беришга чақиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, “Эзгулик” жамияти қошидаги этика комиссияси блогернинг хатти-ҳаракатини ҳам ўрганаётгани маълум қилинди.
Воқеа қандай бошланганди?
Маълумотларга кўра, Яккабоғ тумани “Ибн Сино” маҳалласида жойлашган пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасида ўзини блогер деб таништирган Элмурод Одилов пилла топшириш масканига борган.
Вилоят ИИБнинг баёнотига кўра, блогер шу ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан ҳамда ушбу жараёнда блогер фермерларни ҳақорат қилган.
Шундан сўнг пилла етиштирувчи фермерлар Одиловнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 198-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлар бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маълумот учун, блогер Элмурод Одилов аввал Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг истеъфосини талаб қилиб чиққан.
Қашқадарёлик блогерларнинг қамалиши
Охирги вақтларда Қашқадарёда блогерларнинг қамалиши авж олди. Жумладан, “AvtoblogUZ” Telegram канали асосчиси Мақсуд Музаффаров ҳамда қашқадарёлик яна бир таниқли блогер Умид Каримов (“Капитан Каримов”) Ички ишлар ходимлари билан тортишгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатга нисбатан вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ бериб, жанжал ростан юз берганини тасдиқлаган.
Вилоят ИИБнинг иддао қилишича, шу йилнинг 29 май куни Шаҳрисабз шаҳрида ИИБ ЙҲХБ ходимлари 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Gentra автомашиналарга нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари (юқорида исмлари келтирилган блогерлар назарда тутилмоқда) ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратган.
Шундан сўнг блогерларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.