Норбоева ва Қўчқоров тандеми: халқаро рейтинг ва индекслардан ўрин олиш нега керак?

Жамият

image

Охирги икки йилда Ўзбекистоннинг турли халқаро рейтинглардаги иштироки мамлакатда муҳим воқелик сифатида кўриб келинмоқда. Фаровонлик, хавфсизлик, очилик каби индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланиб бориши халққа, одамларга нима беради? Давлат бошқарув органларига-чи? Олий Мажлис Сенатининг кеча, 20 ноябрь куни ўтган 9-ялпи мажлисида халқаро индекаторларда Ўзбекистоннинг иштироки қанчалик муҳимлигига аниқлик киритилди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров сўз очди. 

Қўчқоров вазир ўринбосари лавозимида ишлайдиган мутасаддига халқаро индекслар ҳақида атайин савол бериб, тайинли жавоб ололмаганини айтди.

“Кимдир халқаро рейтинглар бизни қаердадир мақташлари ёки танқид қилмасликлари учун керак, деб ўйлайди. Биз кимгадир ниманидир исбот қилишимиз шарт эмас. Бу ҳаммаси ўзимиз учун.

Мана шу йиғилиш бўлишидан олдин мен ўзим ҳаммани йиғиб, ҳолат билан танишиб олдим. Фамилиясини айтмайман, бир вазир ўринбосарига савол бердим. “Электр энергиясига уланиш тартиби осонлашса ва муддати қисқарса, бунинг натижаси нимада намоён бўлади?” У “чет эллик рейтинг агентликлари бизнинг рейтингимизни оширади”, деб жавоб берди. Хўп, майли, бунга ҳам розиман, яна нима, деб сўрасам, жавоб йўқ. Мен эса, одамларга яхши бўлади, дедим”, дея кинояли табассум қилди Қўчқоров. 

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга масъул Қўчқоровга рейтинг тушунчасига алоҳида тўхталиб, халқаро рейтингда юқорилаш фақат кимнингдир мақташи ёки танқиди учун эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларга яхши бўлиши учун кераклигини урғулади. 

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари 2020 йил жуда кўп давлатларнинг халқаро рейтинглари тушиб кетгани, Ўзбекистон эса 2019 йилда эришган рейтинг натижасини сақлаб қолганини айтиб, енгил тортди.

“Мисол 100 та мамлакатда рейтинг бўлса, рейтинг агентликлари улардан 50-60 тасининг рейтингини пасайтирди. Ўзбекистоннинг рейтинги эса пасаймади. 2019 йилда BB — (Кредит маблағларининг етишмаслиги) даражасини олган бўлсак, бу йил ҳам шу даражани сақлаб қолдик. Суверен рейтингнинг ичида ҳамма нарса бор. У энергия, қурилиш, ташқи савдо ва ҳоказоларнинг якуний баҳоси ҳисобланади”, деди Жамшид Қўчқоров.

У сўзида давом этаркан, Ўзбекистоннинг рейтингда юқориламагани, 2019 йилдаги натижани сақлаб қолишининг ўзи алоҳида воқелик эканига ишора қилгандек, “мақтанишга арзимаса ҳам, рейтингдаги ўрнимиз ўзимизга мос бўлди”, дейди. 

Шу ўринда Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Жамшид Қўчоқоровнинг гапларини тўлиқ маъқуллади. Норбоева рейтинларни “аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини енгиллаштиришга бериладиган баҳо”, деб атади. 

“Яхши рейтингга эга бўлган давлатлрга инвестициялар ҳам кириб келади, шу давлатлар билан ҳамкорлик қилиш жозибадорлиги ҳам ортади. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари Рейтинг ва индекслар билан ишлаш республика кенгашини бошқариш ваколатини Сенат раисига берди”, дейди Норбоева.

Шунингдек, Сенат раиси Ўзбекистоннинг ўзи эгаллаб турган рейтинглардаги ўрнини муқим сақлаб турганига урғу бериб, бу бўйича фаол ишлар олиб борилаётганини айтди. Норбоевага кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлар ўнталигига киритилган. Сенат раиси ушбу кўрсаткични олиб борилаётган сиёсат натижаси, деб атади.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 25 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. 

Шунингдек, 2020 йил 2 июнда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий  қилиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон асосида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди. Унга кўра, Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоев кенгаш раиси этиб тайинланди.

Умиджон Нозимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг