Норбоева Бухородаги аёллар бандлиги билан ишлаш тизимини танқид қилди

Жамият

image

Бандлик ва меҳнатга кўмаклашиш вазирлигининг Бухоро вилояти бошқармаси директори аёллар дуч келадиган ишсизлик масалаларига умуман бефарқ қарайди. Вилоят бандлик тизимида муаммолар жуда кўп. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бугун, 25 август куни Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгилиги масалалари бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилишда алоҳида таъкидлади. 

“Кеча мен хизмат сафари билан Бухоро вилоятига бориб келдим. У ерда қанчалик яхши ишлар қилинмасин, ўрта бўғимларда муаммо кўп. Aйниқса, бандлик тизимида. Бухоро вилояти бандлик бошқармаси бошлиғи аёлларнинг иш билан таъминланиш масласига умуман бефарқ қарайди. Aйрим туманларда ҳам шу аҳвол”, деди Танзила Норбоева. 

Шунингдек, Сенат раиси ҳудудларда аёллар касбга ўқитилгандан сўнг, уларнинг қўлига сертификат бериш билан қутилинаётгани ва бандлик тизими хотин-қизларнинг иш билан таъминланишига кўмаклашмаётганини қаттиқ танқид остига олди.  

"Бугун Халқ банки томонидан аёлларга тадбиркорликни йўлга қўйиши учун 100 миллион сўм кредит бериляпти. Бундан ташқари ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Маҳаллаларда ташкил қилинган марказларда ўқитиш тизими мавжуд, лекин ўқиш бўляпти-ю ўқигандан кейин қўлига сертификатни бериб, “бўлди, бизни вазифамиз тугади”, деб Бандлик бошқармаси аёлларнинг қўлига паттасини бериб қутиляпти. Aслида хотин-қизлар бўлими чиқиб, сертификат олган қизлар учун банкка бориб, мана биз ўқитдик, сертификат бердик, бизнес лойиҳа тайёр, деб кредит олишига кўмаклашиши керак эди. Кредит олгандан кейин ҳам то аёл ўзини ишини йўлга қўйиб олгунча уни қўллаб-қувватлаб туриши лозим эди”, деди Танзила Норбоева. 

Шунингдек, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгилиги масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева республикада муҳтож аёллар кўп эмаслигини, шунда тизимдагилар эплай олмаётганини таъкидлади. 

“Ишламаяпти, демайман. Ишлаяпти, аммо ҳамма ўзича, бандлик ўзича, марказ ўзича, соғлиқни сақлаш ўзича, буёқда банк ўзича юрибди маҳаллаларда. Бунақа бўлмаслиги керак. Ҳаммасини мувофиқлаштирадиган хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳар бир аёлнинг ишини ҳал қилиб бериши лозим. Республикада муҳтож аёллар жуда кўп эмас, лекин шуни ҳам эплай олмаяпмиз. Шунинг учун “Aёллар дафтари”даги муаммоларни ҳал қилсак, ҳаммаси ўз-ўзидан ҳал бўлади: зўравонлик ҳам, жиноятчилик ҳам. Aммо шуларни қилмаганимиз учун ҳам ҳаммаси “ўлда-жўлда” ётибди”, деди Комиссия раҳбари Танзила Норбоева.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг