Номаълум шахслар Жаҳон чемпионатида ҳижобини ечган эронлик шахматчини суриштирди
Спорт
−
20 Январь 2023
18303Қозоғистон шахмат федерацияси эронлик спортчи Сарасадат Хадемнинг Олмаотадаги жаҳон чемпионати вақтида таъқибга учрагани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, Сарасадат Хадем Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича тезкор ва блиц йўналишлардаги Жаҳон чемпионатида ўйнаб, Эрон аёллар жамоасининг кийиниш қоидаларини бузган ҳолда рўмолдан воз кечган.
“Муайян хавфлар мавжуд эди. Турнир директори сифатида ҳамкасбларни йиғиб, вазиятни кўриб чиқишимга тўғри келди. Номаълум шахслардан қўнғироқлар бўлди. Улар Сарасадатнинг яшаш жойи, йўналиши ва бошқа маълумотларни билишга уринди”, дейди федерация биринчи вице-президенти Дармен Садвакасов.
Садвакасов вазият кескинлашиши мумкинлиги сабабли шахматчи хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан Олмаота ҳокимлигига мурожаат қилинганини айтди.
Шахматчининг ўзи ҳижобни ечишга нима сабаб бўлганини изоҳламаган, таъкидланишича, у Эрондаги норозилик намойишларига қаршилик сифатида рўмолини ечган бўлиши мумкин.