Ноқонуний буйруқ билан QALAMPIR.UZ журналистларига таҳдид қилган ИИО ходимлари ҳаракати текширилади
Жамият
−
17 Сентябрь 2021
5700QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари – Бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов, юрист Шоҳруҳ Олимжоновнинг журналистик фаолиятига қаршилик қилган ички ишлар органи ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича Тошкент шаҳар ИИББга хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 6 сентябрь куни QALAMPIR жамоаси Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб боради. Улар QALAMPIR.UZ ходими эканини тасдиқловчи ҳужжат билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартиблардан четга чиқмаган ҳолда, журналистик фаолиятини амалга оширишга киришади.
Шу вақтда журналист Ф.Нажмиддинова ва тасвирчи Х.Холмуродовнинг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинади. Ички ишлар посбонлари Азизовнинг ОАВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётгани ҳақидаги қонунга зид буйруғига биноан уларни ИИБга олиб кетмоқчи бўлади. Бунинг учун махсус автобус ҳам чақиртирилади. Шунингдек, QALAMPIR.UZ ходимларидан тасвирга олмаслик талаб қилинади. Шахсан У.Азизов QALAMPIR.UZ тасвирчиси Х.Холмуродовни ёнига чақириб, тасвирларни ўчириб юборишини ва воқеа жойидан кетишини талаб қилади.
Прокуратура ходими видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган. У.Азизов ИИО ходимларига ОАВ вакилларини автобусга “босиб” олиб кетиш ҳақида ноқонуний буйруқ берган. Ички ишлар ходимлари эса кўрсатма қонунга зид эканини била туриб, уни бажаришга уринган.
Бош прокуратура ушбу ҳолат ҳақиқатан ҳам рўй берганини аниқлаб, аввалига Азизовга "одоб дарси" ўтилганини маълум қилганди. Бироқ, бунга QALAMPIR.UZ эътироз билдириб, прокуратура ходимининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 206-моддаси билан малакаланиши кераклиги ҳақида расмий баёнот билан чиққан эди. Бугун, 17 сентябрь куни Бош прокуратура яна бир баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Шунингдек, қонун талабларига риоя қилмасдан туманнинг 2-мавзе, 7-уй олди қисмида расталарни ўрнатишга, шу йўл билан вақтинчалик фойдаланишга ер майдони ажратиб беришга рухсат бериб, шу жойда капитал қурилма қурилишини олдини олиш чораларини кўрмаган Юнусобод тумани ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Қўчқоровга нисбатан интизомий жазога тортиш бўйича иш қўзғатилди.
LiveБарчаси