Ногиронлар уйида жинсий зўравонлик қилган раҳбар 15 йилга қамалди
World
−
19:06 3428 2 minutes
Жанубий Кореяда ногиронлар учун мўлжалланган парвариш уйининг собиқ раҳбари бир неча нафар тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравон қилгани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, Инчхон шаҳридаги Сэкдонгвон муассасасининг собиқ раҳбари, фамилияси Ким бўлган эркак уч нафар тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик қилган.
Полиция ўтган йил февраль ойида оғир даражадаги ақлий ногиронлиги бўлган аёл жабрланувчилардан бири зўравонлик ҳақида мурожаат қилганидан сўнг, Кимга нисбатан тергов бошлаган.
Мазкур ҳолат ортидан Жанубий Корея ҳукумати мамлакат бўйлаб ногиронлар учун мўлжалланган 1 507 та парвариш муассасасини текширган. Текширувлар давомида 33 та эҳтимолий зўравонлик ҳолати аниқланган. Жанубий Корея Бош вазири Ким Мин Сок Сэкдонгвон муассасасидаги зўравонликни “давлатнинг мавжудлиги сабабини шубҳа остига қўядиган жиддий масала” деб атаган.
Гангхва округи буюртмасига кўра ўтказилган батафсил баҳолашда муассасанинг ҳозирги ва собиқ 20 нафар аёл тарбияланувчиси жинсий зўравонликка учраган бўлиши мумкинлиги аниқланган.
Мазкур иш мамлакатда ногиронлиги бўлган шахсларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар 2011 йилда кучайтирилганига қарамай, бундай ҳолат қандай қилиб узоқ вақт давомида аниқланмай қолганига оид саволларни келтириб чиқарган.
Гангхва округи Сэкдонгвон муассасасини ёпишга қарор қилган, Инчхон шаҳри расмийлари эса уни бошқарган жамғарманинг лицензиясини бекор қилган. Бироқ қолган тарбияланувчилар бошқа жойларга кўчирилиши ва уларнинг мустақил ҳаёти учун шароит яратилмагунча муассасанинг ёпилиши кечиктирилган.
Муассасани бошқарган жамғарма эса лицензиянинг бекор қилинишига қарши маъмурий судга даъво киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Хубэй провинцияси Коммунистик партияси қўмитасининг собиқ котиби 111 миллион доллар миқдорида пора олганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All